Тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар – ислоҳотлар самарадорлиги гарови

Бугунги кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотлар даврида ҳар бир қонунни пишиқ-пухта, тўғридан-тўғри ишлайдиган қилиб яратишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Барча соҳанинг ҳуқуқий асосини ана шундай талабчанлик мезонлари асосида мустаҳкамлаш парламентнинг олдида турган долзарб масалалардан бири саналади. Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Зеро, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, кенг кўламли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, кўп жиҳатдан, қонун ижодкорлиги жараёнининг сифатига бевосита боғлиқ.

                

2018 йил 24 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов раҳбарлигидаги комиссиянинг навбатдаги йиғилишида ушбу масалалар яна бир бор чуқур таҳлил қилинди.

Депутатлар ва сенаторлар, мазкур комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича тузилган эксперт гуруҳлари масъулларининг ҳисоботлари тингланди.

Қайд этилганидек, Комиссия томонидан ўтган қисқа вақт мобайнида мазкур муҳим ҳужжат мазмун-моҳиятини вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар масъул ходимларига етказиш бўйича қатор тадбирлар ўтказилди. Норма ижодкорлиги фаолиятида бевосита иштирок этувчи мингдан зиёд масъул ходимлар қатнашган мазкур семинарларда Концепциянинг мазмун-моҳиятини тушунтиришдан ташқари, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишга оид кучайтирилган талаблар, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан парламент қуйи палатасига қонун лойиҳаларини киритишдаги янги мезонлар ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Қолаверса, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда нуфузли хорижлик эксперт ва мутахассислар иштирокида 9 та халқаро анжуман, семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Комиссия томонидан жорий йилда белгиланган 12 та чора-тадбирларнинг бажарилиши таъминланди. Қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашнинг ягона услубиёти, қонун ҳужжатлари инвентаризацияси асосидаги тўғридан-тўғри амал қиладиган қонун лойиҳаларини тайёрлаш дастури, идоравий қонун ости ҳужжатларини камайтиришга, шунингдек қонун ижодкорлигида фан ва амалиётни уйғунлаштиришга қаратилган комплекс тадбирлар режалари шулар жумласидандир.  

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги кунда қуйи палатада иш кўлами кундан-кунга ортиб бормоқда. 2016-2018 йиллар мобайнида палата томонидан кўриб чиқилган қонун лойиҳалари сони ўрта ҳисобда 2,5 бараварга ошди. Хусусан, агар 2016 йилда қуйи палата 49 та қонун лойиҳасини кўриб чиққан бўлса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бу рақам 134 тани ташкил этди.

Айни пайтда, парламентга киритилаётган барча қонун лойиҳаларини ҳам бирдек сифатли, деб бўлмайди. Ўтган давр мобайнида палатага киритилган 68 та қонун лойиҳалари қайта ишланиб, 60-85 фоиз ўзгартирилган. Жумладан, қуйи палатага киритилганда асосан ҳаволаки нормалардан иборат бўлган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар депутатлар томонидан тубдан қайта ишланиб, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар сифатида қабул қилинди.

Бу, ўз навбатида, нафақат парламент, балки қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари, айниқса, вазирлик ва идораларнинг қонун ижодкорлиги иши сифатини оширишни тақазо этади. Зеро, вазирлик ва идоралар томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда тор идоравий манфаатларни устун қўйиш, қонун лойиҳаларини уларни амалга оширишнинг аниқ механизмларисиз, амалиётни чуқур таҳлил этмаган ҳолда сифатсиз ишлаб чиқиш каби салбий ҳолатларга ҳанузга қадар йўл қўйилмоқда.    

Йиғилишда қонун ижодкорлиги соҳасида шу пайтга қадар учраб турган долзарб муаммолар – идоравий қонун ости ҳужжатларининг кўплиги ҳамда ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабабчи бўлаётган бошқа омилларни бартараф этиш бугунги куннинг муҳим вазифаси эканлиги алоҳида таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, Норма ижодкорлигини такомиллаштириш Концепцияси ва уни бажариш бўйича Амалий чора-тадбирларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ижро этиш, тегишли лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш бўйича вазирлик ва идораларнинг масъулиятини кучайтириш заруратига эътибор қаратилди.

Тадбирда қайд этилганидек, бундан буён қуйи палата киритилаётган қонун лойиҳаларининг сифати, уларнинг тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида нечоғлик тайёрлангани масаласига жиддий эътибор қаратади. Бу – Қонунчилик палатаси қўмиталарининг биринчи галдаги устувор вазифасига айланади.

Муҳокамалар якунида, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини амалга ошириш бўйича ишларни янада кучайтиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди. Комиссиянинг галдаги муҳим вазифаларини белгилаб берувчи тегишли қарорлар қабул қилинди.

| 3749 24.12.2018



×
Портал харитаси