Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Бугунги глобаллашув жараёнида миграция масаласи тобора долзарблик касб этиб бормоқда. Маълумотларга кўра, дунёнинг турли мамлакатларида ўртача 232 миллион нафар мигрант яшайди. Уларнинг аксарияти сайёрамизнинг шимолий мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Меҳнат миграцияси: Халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, миграция жараёни муайян вақтларда кучайиб-пасайиш тенденциясига эга бўлиб, маълум ҳудуд, мамлакат, минтақа ижтимоий ҳаётига ўзининг ижобий, салбий, керак бўлса, сиёсий таъсирини ўтказади. Шу боисдан ҳам миграция жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш, уни бошқариш масалалари алоҳида эътибор талаб қилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, кейинги йилларда ташқи меҳнат миграциясининг самарали тизимини таъминлаш борасида давлатимиз томонидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Жорий йил ноябрь ойида эса, Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлди. Шунингдек, парламентимиз томонидан яқинда “Халқаро миграция ташкилоти Конституциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

2018 йил 19 декабрь куни Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Меҳнат миграцияси масалалари: халқаро тажриба ва Ўзбекистон амалиёти” мавзусида семинар ташкил этилди.

18 декабрь — Халқаро мигрантлар куни ҳамда мамлакатимиз томонидан Халқаро миграция ташкилоти Конституцияси ратификация қилингани муносабати билан ўтказилган ушбу тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича вакили, Тошкент давлат юридик университетининг бир гуруҳ талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Семинарда биринчи навбатда халқаро меъёрларда белгиланган ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг муҳим масалалари хусусида сўз юритилди. Бу борадаги вазифаларни самарали амалга ошириш борасида ўтган давр мобайнида амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида хорижга ишга чиқаётган фуқароларга имтиёзлар берилгани, маслаҳат марказлари ташкил этилган. Шунингдек, чет элда ишлаётган фуқароларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ҳолларда уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Корея Республикасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси очилган. Россия Ферерацияси ва яна бир нечта давлатда ваколатхоналарни очиш юзасидан барча ташкилий ишлар якунига етказилган.

Энг муҳими, меҳнат миграцияси масалаларини тартибга солиш, соҳанинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, чет элларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимизнинг ҳуқуқларини ва ижтимоий кафолатларини таъминлаш, чет элга кетишдан олдин юртдошларимизнинг касбий маҳоратини ошириш имкониятини яратишга қаратилган “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши билан бу борадаги айрим муаммоларнинг қонуний ечими топилди.

Семинарда, шунингдек, 18 декабрь санаси Халқаро мигрантлар куни деб номланишининг сабаби ва аҳамияти ҳақида ҳам иштирокчиларга тушунча берилди. Таъкидланганидек, ушбу сананинг белгиланиш тарихи барча меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши юзасидан 1990 йил 18 декабрда қабул қилинган Халқаро конвенция билан бевосита боғлиқ. Бу борада БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 4 декабрдаги резолюцияси ҳам қабул қилинган. Резолюцияга кўра, бутун дунёда шу куни семинарлар, давра суҳбатлари, меҳнат мигрантлари билан учрашувлар, кўргазмалар ташкил этилиши белгиланган.

Тадбир якунида қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро миграция ташкилоти ўртасида тузилган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси — “Йўл харитаси”да кўзда тутилган вазифалар ҳамда миграция масалаларига оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга доир вазифалар белгиланиб, уларни изчил амалга оширишга келишиб олинди.

| 4617 19.12.2018



×
Портал харитаси