Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот

2018 йил 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси иши давом эттирилди. Мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва марказий идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Сенат аъзолари томонидан ички ишлар вазирининг ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш соҳасидаги фаолияти тўғрисидаги ахборотиэшитилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар давомида ҳуқуқ-тартибот органларини юклатилган вазифаларни юксак даражада бажарадиган демократик тузилмага айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ички ишлар органларининг ташкилий тузилмаси, тезкор-хизмат фаолияти қайта ташкил этилди, мазкур соҳа ходимлари аҳолига яқиндан хизмат қилиши ва халққа яқин бўлиши учун уларнинг олдига эндиликда мутлақо янгича талаблар қўйилди.

Бунда тегишли тузилмаларнинг олисда жойлашган аҳоли пунктларидаги ишини фаоллаштиришгаалоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун қўшимча равишда ички ишлар органларининг бўлинмалари ва таянч пунктлари ташкил этилиб, профилактика инспекторларининг сони оширилди.

Таъкидланганидек, кейинги вақтда барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг эътибори бевосита маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга ва аҳолида ҳуқуқбузарликларнинг ҳар қайси кўринишига муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилмоқда. Бу борада Ҳудудларда жиноячиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш республика комиссиясининг минтақавий гуруҳлари томонидан аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб борилмоқда. Бунда ҳар бир содир этилган жиноятни аҳоли орасида муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда ҳар ой якунида халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари олдида ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича 198 нафар ўринбосари, маҳалла аҳли олдида 6 минг 896 нафар профилактика инспектори амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди. Мазкур ҳисоботларнинг якунлари бўйича ўз вазифаларини сидқидилдан бажариб келаётган профилактика инспекторлари рағбатлантирилди, хизмат вазифаларига виждонан муносабатда бўлмаганларга эсаинтизомий ва маъмурий жазо қўлланилди.

Шунга қарамай,бугунги кунда фуқароларнинг ички ишлар ходимларга нисбатан ишончи лозим даражада, деб бўлмайди. Гарчи хизмат интизомини бузиш ҳолатлари кескин камайган бўлса-да,ҳуқуқбузарликлар, фуқаролар билан муносабатларда уларга нисбатан қўполлик ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Шу муносабат билан сенаторлар томонидан бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг масъулиятини ошириш зарурати қайд этилди. Ушбу масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳақидаги ҳисоботни эшитдилар. Бу борада муайян ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари, ҳокимликлари ва компаниялари ҳамда хорижий шериклар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида умумий суммаси 6 миллиард долларлик 80 дан ортиқ ҳужжат имзолашда кўмак берилди.

Хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йил ноябрь ойининг охирига келиб, Ўзбекистоннинг дипломатик миссиялари томонидан умумий қиймати 21 миллиард долларлик 372 та лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Хорижий муассасалар томонидан Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятига бағишланган қарийб 250 та тақдимот ўтказилди. Дипломатик миссиялар 50 дан ортиқ туризм кўргазмаси ва ярмаркаларда иштирок этди.

Шу билан билан бирга, вазирлик фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилиш катта фойдаланилмаган салоҳият ҳамда ҳал этилмаган қатор муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатди.

Жумладан, идоралараро ҳамкорликни таъминлаш муаммоси ҳанузгача ҳал этилмаган, ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш жараёни ёки ташрифлар якунлари тўғрисида ахборот олиш имконини берадиган Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари билан аниқ ўзаро алоқа механизми мавжуд эмас, бу эса икки томонлама ҳамкорликнинг чинакам ҳолатини билишни, уни янада ривожлантириш бўйича долзарб тавсиялар тайёрлашни чеклайди.

Мамлакатимиз товарлари экспортини ривожлантириш, инвестициялар ва туристларни жалб қилиш масалалари бўйича вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилишда Ташқи ишлар вазирлиги ва дипломатик ваколатхоналар хорижий муассасаларнинг таклифлари соҳага ихтисослашган идоралар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан узоқ кўриб чиқилиши билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда. Бу бир қатор муҳим икки томонлама тадбирларнинг мажбуран бекор қилинишига ёки кўчирилишига сабаб бўлмоқда.

Ҳокимликлар фаолиятида идоралараро мувофиқлаштириш етишмаслиги, хорижий шериклар билан ҳамкорлик бўйича аниқ режалар ишлаб чиқишга расмиятчилик юзасидан муносабатда бўлиш сақланиб қолмоқда. Ташрифгача инвесторлар билан масофавий ишлар олиб борилмаяпти, ҳамкорлик шартлари, шартномалар қийматлари келишиб олинмаяпти. Охир-оқибат учрашувлар аниқ шартномалар ва мақсадли битимлар тузиш ўрнига ҳамкорлик тўғрисида оддий меморандумлар имзолаш билан якунланмоқда.

Хорижий муассасалар кўп сонли ҳисоботлар тайёрлаш билан ҳаддан ортиқ кўп шуғулланиши ишлар самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бундай ҳолат, айниқса ходимлар штатининг чекланганлиги ҳисобга олинса, хорижий муассасаларга диққат-эътиборни аниқ натижага қаратиш имконини бермаяпти.

Бугунги кунда Ўзбекистон инвестиция салоҳияти тўғрисидаги чет тилларида сифатли тайёрланган мазмунан бой материаллар ҳали ҳам етишмаслиги кузатилмоқда.

 Сенаторлар Ташқи ишлар вазирлиги фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан тавсиялар билдирдилар. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари 2019 йилги иш режаларини тузишда экспортнинг импортга нисбатан жадал суръатларда ўсишини, шунингдек туристлар оқими, айниқса узоқ хориж мамлакатларидан туристлар оқими ошишини таъминлаши зарур.

Шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг инвестиция ва туристик салоҳиятини танитиш учун Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналарнинг янги ходимлари учун республика ҳудудларига гуруҳ бўлиб мунтазам ташрифлар ташкил этишни амалиётга жорий этиш зарурлиги қайд этилди. Муҳокама якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенаторлар Фарғона вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини ҳам эшитдилар.

Қайд этилганидек, 2018 йилда ҳудудни комплекс ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмлари ўсиши 105,3 фоизга етди, жалб этилган хорижий инвестициялар ҳажми 90 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баравардан ортиқ ошди. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2930 та кичик бизнес субъекти фаолият бошлади ва уларнинг сони қарийб 29 мингтага етди. Улар томонидан киритилган инвестициялар ҳажми 1,5 триллион сўмдан ортиқни ташкил этди. Натижада ҳудудда янги иш ўринлари сони ортмоқда, уларга асосан ёшлар жойлаштирилмоқда.

Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида тадбиркорлик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида тижорат банклари томонидан 2 триллион 552 миллиард 665 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22-23 июнь кунлари ва 2018 йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи вақтида билдирилган топшириқларни ижро этиш доирасида 380 та лойиҳа тасдиқланди.

Долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишда айрим маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари ва уларнинг депутатлари фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда. Жумладан, маҳаллий Кенгашларда 500 дан ортиқ мансабдор шахснинг аҳолини ташвишга солаётган долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича ҳисоботлари тингланди, масъул тузилмалар раҳбарларига 300 дан ортиқ депутат сўрови (мурожаати) юборилди.

Шу билан бирга, сенаторлар Фарғона вилоятида маҳаллий Кенгашлар фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатаётган қатор муаммо ва камчиликлар борлигини, мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётганлигини таъкидладилар.

Муҳокамалар якунлари бўйича вилоятни ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш юзасидан вазирликлар ва идоралар ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари жавобгарлигини оширишга қаратилган Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар “Халқаро миграция ташкилоти Конституциясини (Брюссель, 1953 йил 19 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиб маъқулладилар.

Сенат аъзолари 2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш  дастури тўғрисидаги масалани муҳокама қилдилар. Дастур лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ  хўжалиги  экин  майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 9 октябрдаги Фармонига мувофиқ киритилгани таъкидланди. Муҳокама якуни бўйича Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

Шунингдек сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповга контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўташга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Қайд этилганидек, мазкур соҳада кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳарбий хизматчиларнинг профессионал маҳорати, интеллектуал салоҳияти ва ҳарбий тайёргарлиги даражаси ошди, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш кучайтирилди, аҳоли, айниқса ёшлар орасида ҳарбий хизматнинг обрўси ва нуфузи кескин кўтарилди.

Бироқ жойларда ўтказилган ўрганиш, аҳоли билан мулоқот ва уларнинг мурожаатлари билан танишиб чиқиш контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш, хизмат муддатини узайтириш ва хизматдан бўшаш билан боғлиқ бир қатор муаммолар борлигини кўрсатди. 

Ўрганиш контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш мураккаб жараён эканлигини кўрсатди. Кўплаб бюрократик тўсиқлар мавжуд, бунинг устига бу тартиб-таомил очиқ-ошкора эмас. Айрим босқичларни ўтказиш ва якунлаш муддатлари, шунингдек мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги белгилаб қўйилмаган. Бундан ташқари, собиқ ҳарбий хизматчилар, айниқса пенсия олиш ҳуқуқини берадиган стажга эга бўлмаган ҳарбий хизматчилар бандлигини таъминлаш, уларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш орқали ижтимоий мослаштиришнинг ягона ташкилий-ҳуқуқий механизми мавжуд эмас. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Ариповга контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўташга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан парламент сўрови юбориш зарурати юзага келди. Муҳокама этилган масала бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси  Бош  вазири  ўринбосари А.Абдухакимовга имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан парламент  сўрови  юбориш  тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан охирги 2 йилда ногиронлиги бўлган 21,5 минг нафар шахс, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар уй-жой билан таъминланди. Имкониятлари чекланган одамларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими тубдан такомиллаштирилди, уларни олий таълим муассасаларига қўшимча давлат грант квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби ишлаб чиқилди.

Бироқ Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларида ҳар кимнинг билим олиш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, имкониятлари чекланган шахслар бу ҳуқуқдан тўлиқ фойдалана олмаяпти.

Уларнинг таълим олиш ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қилаёган қатор муаммолар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда. Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси  Бош  вазири  ўринбосари А.Абдухакимовга имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан парламент сўрови юбориш зарурати келиб чиқди. Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг парламентнинг юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Унинг якунлари бўйича Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўн еттинчи ялпи мажлис давомида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишга ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган 30 та масала, шу жумладан 18 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3670 14.12.2018



×
Портал харитаси