Мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашда депутатлик корпусининг роли қандай бўлади?

Жорий йилнинг 5 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2018 йил 28 ноябрда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш бўйича устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган йиғилиши ўтказилди. Унда Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, сиёсий партиялар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.



Тадбирда ўтган давр мобайнида янгиланган Мудофаа доктринаси, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш бўйича Президент фармон ва қарорлари ижроси бўйича Мудофаа вазири ўринбосарининг ахбороти эшитилди. Унда қайд этилганидек, қисқа давр ичида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегияси асосида ҳарбий қурилиш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ҳарбий қисмларнинг тузилмалари тўлиқ янгиланди. Ҳарбий бўлинмалар жанговар тайёргарлигини ошириш, вақт кўрсаткичларини икки баробарга қисқартиришга эришилди. Армия ва халқ бирлигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Биринчи марта давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида йиғинлар ўтказилди. Мудофаа саноати давлат қўмитаси тузилди.

Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва соҳа фахрийларини ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунга қадар ҳарбий хизматчиларга 56 та уй топширилди. 1 минг 500 дан зиёд ҳарбийлар уй-жой билан таъминланди. Яна 74 та уй қурилиши давом этмоқда.

Мамлакатимизда илк бор кенг кўламда Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларининг жанговар шайлиги текширилди. Махсус-тактик машғулотлар ҳарбийларимизнинг юксак профессионал маҳоратини, юқори жанговар шайлигини, бир тану бир жон бўлиб ҳаракатланишини намоён этди.

Мудофаа вазири ўринбосарининг ахбороти депутатларда катта қизиқиш уйғотди ва қизғин савол-жавоблар сабаб бўлди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисинингХавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган устувор йўналишлардан келиб чиқадиган вазифалар ҳақидаги маърузаси тингланди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга оширишда парламент аъзоларининг роли, шу жумладан, ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш, депутатларнинг ҳарбий хизматчилар билан мунтазам мулоқотини йўлга қўйиш, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашда депутатлик корпуси имкониятларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.

Ҳарбий хизматга чақирувни баҳор ойларига кўчириш, ҳарбий хизматга чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказишнинг мутлақо янги, самарали тизимини яратиш, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини ишга кафолатли жойлаш, ҳарбий таълим муассасалари ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда моҳир лашкарбоши боболаримиз ҳақида илмий тадқиқотлар, бадиий китоблар, кинолар яратиш каби масалаларнинг ташкилий-ҳуқуқий ечимини ишлаб чиқиш, шу мақсадда қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.    

Янгиланган Мудофаа доктринаси, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарали ижросини таъминлаш юзасидан парламент назоратини кучайтириш зарурати қайд этилиб, бу борада бир қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тадбир якунида Мудофаа вазирлиги тузилмаларининг замонавий ҳарбий қурол-аслаҳа ва анжомлари, техникалар, ҳарбий хизматчиларнинг формали кийим намуналарининг кўргазмаси ташкил этилди.  

| 41 06.12.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг