Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси тўғрисидаги Конвенцияга қўшилди

Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси парламенти делегацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига (МДҲ) аъзо давлатларнинг Парламентлараро ассамблеяси Кенгаши таклифига биноан Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг 48-мажлиси ишида иштирок этмоқда.

          

МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг 48-ялпи мажлиси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро ассамблеяси тўғрисидаги Конвенциясини имзолади.

Сенат Раиси МДҲ Парламентлараро ассамблеяси мажлиси иштирокчилари олдида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, Ўзбекистонда МДҲ доирасидаги жараёнлар ривожланишини, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги органлари фаолиятини, шу жумладан янги тарихий шарт-шароитларда иштирокчи давлатлар ўртасида парламентлараро ҳамкорликка фаол ва самарали кўмаклашаётган МДҲ Парламентлараро ассамблеяси фаолиятини диққат билан кузатиб бормоқда. 

МДҲ Парламентлараро ассамблеяси жаҳон парламентаризми тизимида муносиб ўрин эгаллагани қайд этилди. Парламентлараро ассамблеянинг муваффақиятли фаолиятини таъминлашда Россия Федерацияси муҳим ҳисса қўшаётганига алоҳида урғу берилди.

Президент Ш.М. Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон сўнгги йилларда янги ички ва ташқи сиёсатини муваффақиятли илгари сурмоқда. Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда парламент алоҳида ўрин тутади. Бу борада айниқса парламент дипломатиясига, икки томонлама ва кўп томонлама парламентлараро ҳамкорлик ривожига жиддий эътибор қаратилмоқда. 

Мамлакатимиз ўз ёндашувларини мақбуллаштириб, МДҲ фаолиятидаги иштирокини сифат жиҳатидан янгича боқичга олиб чиқмоқда. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги республикамиз учун устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилиш имконини берадиган муҳим тузилма, иштирокчи давлатлар эса ҳамкорларимиз, қўшниларимиз ва дўстларимиз ҳисобланади.

Шубҳасиз, Ўзбекистон парламенти аъзоларининг МДҲ Парламентлараро ассамблеяси фаолиятида тўлиқ иштирок этиши муносабатларимизда мутлақо янги саҳифа очади, парламент фаолияти орқали кўп қиррали ва самарали ҳамкорликни тобора кенгайтиради.

Ўзбекистон парламенти делегацияси аъзолари жорий йил 30 ноябрда бўлиб ўтадиган  ва уруш вақтида айрим портлатувчи ўқ-дориларни қўллашни тақиқлаш тўғрисидаги Санкт-Петербург декларациясининг 150 йиллигига бағишланган халқаро конференция ишида ҳам иштирок этади.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3697 30.11.2018



×
Портал харитаси