Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Республикада ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш, инвестицион жозибадорликни ошириш ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар тизимли асосда амалга оширилмоқда.

Кўзланган вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши кўп жиҳатдан божхона органлари фаолияти самарадорлигига боғлиқ.

Шу билан бирга, божхона маъмуриятчилиги соҳасида мамлакатда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга тўсқинлик қилувчи бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолинмоқда.

Амалдаги божхона тартиб-таомиллари халқаро норма ва стандартлар талабларига тўлиқ жавоб бермайди, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун ортиқча вақт ва молиявий сарф-харажатлар билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этишлари ва ҳалол тадбиркорларни рағбатлантириш, улар учун маъмурий тўсиқларни камайтириш бўйича деярли ҳеч қандай механизмлар қўлланилмаяпти.

Божхона органларининг самарасиз ва ортиқча назорат функциялари тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келмоқда.

Божхона органлари ходимларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш учун имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаслик коррупция ҳолатлари профилактикаси ва бутун тизимнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, божхона органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, бизнесни ривожлантириш йўлида бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг:

2019-2020 йилларда “Яллама” ва “С.Нажимов” (Тошкент вилояти), “Дўстлик” (Андижон вилояти), “Олот” (Бухоро вилояти);

2020-2021 йилларда “Доут-ота” (Қорақалпоғистон Республикаси), “Маданият” (Андижон вилояти), “Ўзбекистон” (Фарғона вилояти), “Ғишткўприк” ва “Ойбек” (Тошкент вилояти) божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда замонавий божхона терминалларини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида қуриш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:

2. Белгилансинки:

божхона терминалларидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг асосий функциялари “ягона дарча” тамойили асосида божхона, банк, логистика, тезкор-лаборатория, фитосанитар, ветеринар, санитар-эпидемиологик, экологик, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни кўрсатиш ҳисобланади;

тадбиркорлик субъектлари божхона терминалларида кўрсатиладиган тижорат хизматларидан ихтиёрий равишда фойдаланадилар.

3. Хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимига қуйидагиларни қўллаган ҳолда тўлиқ режимда жорий этилсин:

а) 2018 йил 1 декабрдан бошлаб:

“сариқ йўлак”, бунда божхона декларацияси, ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш бўйича божхона назорати шакллари хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;

“қизил йўлак”, бунда божхона назорати шакллари хавф даражаси юқори кўрсаткичга эга ёки тасодифий танловда аниқланган товар ва транспорт воситаларига нисбатан амалга оширилади;

б) 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

“яшил йўлак”, бунда хавф даражаси паст бўлган товар ва транспорт воситалариничиқариб юбориш тўғрисидаги қарор қабул қилинганда, божхона назорати шакллари уларга нисбатан амалга оширилмайди;

“кўк йўлак”, бунда хавф даражаси ўрта кўрсаткичга эга ёки тасодифий танлов асосида аниқланган товарларга нисбатан божхона назорати шакллари улар чиқариб юборилгандан сўнг амалга оширилади.

4. Қуйидагилар:

Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ;

чегара божхона постлари ҳудудларига туташ жойларда божхона терминалларини қуриш тармоқ жадвали 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Ариповга – “Йўл харитаси” ва тармоқ жадвалида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши устидан қатъий назоратни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимовга – “Йўл харитаси” ва тармоқ жадвалида назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва самарали бажарилиши, хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимини сифатли жорий этиш ҳамда фойдаланиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент, Бухоро, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимларига – “Йўл харитаси” ва тармоқ жадвалларида назарда тутилган объектларни қуриш ҳамда ишга тушириш юзасидан зарур рухсат этиш кўринишига эга ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштиришни таъминлаш бўйича шахсий жавобгарлик юклансин.

5. 2019 йил 1 февралдан бошлаб:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган талабларга жавоб берадиган, ташқи иқтисодий фаолиятнинг ҳалол иштирокчиларига соддалаштирилган божхона тартиб-таомилларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этишни назарда тутувчи халқаро стандартларга мувофиқ ваколатли иқтисодий операторлари институтининг жорий этилиши;

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплексининг божхона постларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига божхона юк декларациясини тўлдириш бўйича бепул асосда хизмат кўрсатувчи шахсларнинг махсус гуруҳи – “фронт-офис” тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш бўйича дастлабки лойиҳа (кейинги ўринларда – дастлабки лойиҳа) амалга оширилиши белгилансин.

Дастлабки лойиҳанинг харажатлари, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилинадиган шахсларга иш ҳақи тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, божхона органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси (кейинги ўринларда – Махсус жамғарма) маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилсин.

Дастлабки лойиҳа доирасида божхона юк декларациясини тўлдириш учун тақдим этилган маълумот ва ҳужжатлар ҳаққонийлиги учун жавобгарлик ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси 2019 йил 1 декабрга қадар дастлабки лойиҳа натижаларини Давлат божхона қўмитасининг бошқа ҳудудий бошқармалари фаолиятига жорий этиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

6. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходими ўрнатилган тартибда тасдиқланган товарларни кўздан кечириш ҳамда намуна ва (ёки) пробалар олишда божхона тартиб-таомилларини амалга ошириш тўғрисидаги йўриқномага асосан хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими буюрган божхона операцияларини бажаришга мажбур;

ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси томонидан товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақти божхона постлари ходимлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади. Шу билан бирга, божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда барча божхона постлари кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;

“Сариқ” ва “қизил” йўлаклар мос равишда 70 ва 30 фоиз нисбатда товар ва транспорт воситаларининг хавф профиллари ёки тасодифий танлаш асосида қўлланилади. Шу билан бирга, “яшил” ва “кўк” йўлаклар амалга киритилган кундан бошлаб, мазкур хатбошида кўрсатилган фоиз нисбати Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизимини қўллаш самарадорлиги мониторинги асосида белгиланади;

“кўк йўлак”га йўналтирилган товарларга нисбатан божхона назорати белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади;

2019 йил 1 мартдан бошлаб, олиб кириладиган товарларнинг божхона кўриги уч ой давомида божхона кўриги процедураси видеоёзуви сақланишини ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратининг уланишини таъминловчи видеокузатув тизими билан жиҳозланган жойлардагина амалга оширилади.

7. Барча товарларга нисбатан экспорт контрактларини Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида ҳисобга қўйиш борасидаги талаб бекор қилинсин.

8. Белгилансинки:

Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра, Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,7 карра миқдорда қўлланилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг марказий аппарати, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари ва ихтисослаштирилган божхона комплекслари, шунингдек, Миллий кинология маркази ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошларига устамалар 50 фоизни ташкил этади;

мазкур бандда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

божхона йиғимлари тушумининг 50 фоизи миқдордаги ажратмалар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган харажатлар сметасига мувофиқ фойдаланиш шарти билан Махсус жамғармада қолади.

9. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисига ўзининг хизмат вазифасини сидқидилдан ва самарали бажариб келаётган Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг юқори малакали, ташаббускор ходимларига Махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан меҳнатига ҳақ тўлаш фонди (пул таъминоти)нинг 100 фоизигача миқдорда ҳар ойлик устамалар белгилаш ҳуқуқи берилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида хизмат ўтаётган ходимларга нисбатан “гаупвахтада ҳибсда ушлаб туриш” интизомий жазо чораси киритилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

2019 йил 1 январга қадар ваколатли иқтисодий оператор мақомини, шунингдек, улар фойдаланиши мумкин бўлган соддалаштирилган божхона тартиб-таомиллари шаклларини назарда тутувчи Ваколатли иқтисодий операторлар тўғрисидаги Низомни тасдиқласин;

бир ой муддатда божхона йиғимлари ставкалари турларини мақбуллаштириш ва қатъий белгилаган ҳолда уларнинг янгиланган ставкаларини тасдиқласин;

2019 йил 1 мартга қадар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси билан биргаликда ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш, шу жумладан, божхона идентификация воситаларига шикаст етказганлик учун жарима санкциялари миқдорини ошириш бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

14. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

2019 йилнинг 1 февралига қадар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида баъзи ваколатларни божхона постларига бериш орқали ҳудудий бошқармалар ва божхона постлари ўртасидаги ваколатларнинг тақсимланишини танқидий кўриб чиқсин;

товарларни импорт қилишда ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодлари тўғри қўлланилганлиги тўғрисида эксперт хулосаси талаб этилиши амалиётини бекор қилиш бўйича чоралар кўрсин;

икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

15. Вазирлик ва идоралар икки ой муддатда қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини мазкур Фармонга мувофиқлаштирсин.

16. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З. Ш. Низомиддинов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарлари Б. М. Мавлонов ва Э. М. Ганиев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти   Ш. Мирзиёев 
Тошкент шаҳри, 2018 йил 24 ноябрь

| 4174 25.11.2018



×
Портал харитаси