“Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига шарҳ

Вазирлар Маҳкамасининг “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа равнақида тўғаноқ бўлаётган ушбу муаммоларни бартараф этиш ва уни сифат жиҳатидан янада ривожлантиришга қаратилган.

 

Кейинги йилларда давлат хариди учун бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо қишлоқ хўжалигининг мазкур муҳим тармоғидаги реал ҳолат таҳлили яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини, ўз ечимини кутаётган жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, бошоқли дон экинлари экиш учун ерларнинг сифатсиз тайёрланиши, агротехника қоидаларига риоя қилинмаслик, айниқса, экин-тикин ишларининг кечиктириб юборилиши, талаб қилинган моддий-техника ресурслари ўз вақтида етказиб берилмаслиги оқибатида кутилган ҳосил олинмаяпти.

Жойлардаги масъуллар ва фермерлар томонидан контрактация шартномаси мажбуриятлари бажарилмаётгани, ҳосилдорликни ошириш ва қўшимча даромад олиш юзасидан етарлича чоралар кўрилмаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Қолаверса, юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш, ҳосилдорлик кўрсаткичи паст бўлган фермер хўжаликларига нисбатан эса кескин чоралар кўриш тартиби ишлаб чиқилмагани суғориладиган унумдор ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа равнақида тўғаноқ бўлаётган ушбу муаммоларни бартараф этиш ва уни сифат жиҳатидан янада ривожлантиришга қаратилган.

Қарорда давлат хариди учун бошоқли дон етиштириш бўйича амалдаги тартибдан мутлақо фарқ қиладиган янги тизим ва механизмлар жорий этилиши назарда тутилганлиги унинг тарихий аҳамият касб этишидан далолат беради.

Хусусан, унга кўра, 2019 йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми майдонларга экилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосилининг прогноз ҳажмлари тасдиқланиб, суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш “ерга нисбатан хиёнат” деб баҳоланиши ва ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгиланди.

Яна бир янгилик 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби киритилганидир.

Яъни, гектаридан ўртача 30 центнер ва ундан паст ҳосил олинганда 2 баробар, ҳосилдорлик 31 центнердан 40 центнергача бўлганида эса 1,5 баробар кўпайтирувчи коэффициентлар қўлланилади. Мазкур тартиб ғалла етиштирувчиларни олтинга тенг бўлган суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш борасидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Маълумки, бугунги кунга қадар давлат харидидан ортиқча етиштирилган бошоқли дон маҳсулотининг аниқ ҳисоби юритилмас, бу эса республика ялпи дон ҳажми ва аҳолини ушбу турдаги маҳсулотлар билан таъминлаш даражасини реал баҳолаш имконини бермас эди. Шу маънода, қарорда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган ялпи ғалла ҳосили ҳисобини юритиш тартибини тасдиқлаш масаласи эътибордан четда қолмагани диққатга сазовор.

Қарорга мувофиқ, соҳада яна кўплаб туб ўзгаришлар рўй беради. Хусусан: етиштириладиган буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 млн. 200 минг сўм ёки жорий йилдагига нисбатан 1,6 баробар юқори даражада белгиланди, бу эса табиийки, маҳсулот етиштирувчиларнинг молиявий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади;

давлат хариди учун етиштирилган маҳсулотларни табақалаштирилган нархларда, яъни устама ва чегирмалар қўллаган ҳолда сотиб олиш тартиби жорий қилинади. Бошқача қилиб айтганда, етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.

Бунда, харид нархига бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан 41 центнердан 50 центнергача бўлганида – 10 фоиз (120 минг сўм), 51 центнердан 60 центнергача бўлганида –20 фоиз (240 минг сўм), 61 центнер ва ундан юқори бўлганида – 25 фоиз (300 минг сўм) устама қўлланилади.

Аксинча, давлат хариди нархлари ҳосилдорлик 30 центнер ва ундан кам бўлганида – 25 фоиз (300 минг сўм), 31 центнердан 40 центнергача бўлганида –15 фоиз (180 минг сўм) чегирма билан ҳисоб-китоб қилинади.

Мазкур тартибнинг қўлланилиши деҳқон ва фермерларнинг ҳосилдорликни ошириб боришга бўлган интилишини кучайтириш, моддий жиҳатдан рағбатлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш тизимини ҳам такомиллаштириш назарда тутилган. Агар амалдаги тартибга кўра, имтиёзли кредит давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 60 фоизигача ажратилиб келинган бўлса, янги тартибда 100 фоизигача (тайёрлов корхонаси томонидан бўнак тариқасида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга олган ҳолда) берилади.

Молиялаштириш тизимидаги ушбу ўзгариш фермер хўжаликларининг айланма маблағ тақчиллигига барҳам бериш билан бирга, улар томонидан ресурс ва хизматлар учун тўловларни олдиндан амалга ошириш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, пировардида юқори даромад олиш имконини беради.

Яна бир муҳим жиҳат, мазкур қарорда олдиндан билиш, оқилона чоралар билан олдини олиш мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятга эга ҳодисалар (қурғоқчилик, табиат ҳодисалари ва бошқа форс-мажор ҳолатлар) оқибатида бошоқли дон экинларидан кутилган ҳосил олинмаган тақдирда ҳамда ушбу ҳолатлар Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссия томонидан тасдиқланганда, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархида ҳисоб-китоб қилиниши белгиланди. Ваҳоланки, шу пайтга қадар маҳсулот етиштирувчилар турли табиий офатлардан етарли даражада ҳимояланмаган эди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, суғориладиган майдонларда 2019 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича агротехника тадбирларини амалга ошириш юзасидан “йўл хариталари” қабул қилинди.

Бошоқли дон етиштиришда агротехника тадбирларини ўз вақтида сифатли ўтказиш ва кафолатланган ҳосил олишни тизимли ташкил этиш бўйича эса Республика Ишчи гуруҳларининг таркиби тасдиқланди. Улар зиммасига “йўл хариталари”дан келиб чиқиб, ҳар бир фермер хўжалиги томонидан амалга ошириладиган агротехника тадбирлари режасини алоҳида ёзма равишда тайёрлаб етказиш ва унинг ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Бошоқли дон етиштириш ва ўриб-йиғиб олиш билан боғлиқ агротехника юмушларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши, молиявий ва моддий-техника ресурсларини тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида етказиб берилиши, якуний ҳисоб-китоблар 2019 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ амалга оширилиши, мазкур йўналишдаги ишлар бўйича тизимли назорат ўрнатилиши юзасидан тегишли мутасаддиларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, ички бозорда буғдой, ун ва нон маҳсулотлари нархлари кескин ошиб кетишининг олдини олиш, нарх барқарорлигини таъминлаш ҳамда буғдойни қайта ишлаш соҳасида рақобатни кучайтириш, давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда зарур бўлган минерал ўғитлар ҳажми ва уларнинг нархини белгилаш, хорижий давлатлар тажрибасини таҳлил қилган ҳолда, давлат хариди учун етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталаш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиши назарда тутилди.

Ушбу қарорнинг изчил ижроси, шак-шубҳасиз, ғаллачиликда ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш, фермер хўжаликлари масъулиятини янада ошириш ҳамда уларни моддий манфаатдорлигини ошириш тизимини жорий қилиш имконини беради.

| 3890 27.11.2018



×
Портал харитаси