Сенатда Жаҳон банки ва Европа иттифоқи делегациясининг қўшма миссияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди

2018 йил 27 ноябрь куни Олий Мажлис Сенатида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси М.Джумагалдиевнинг давлат харажатларини баҳолаш ва молиявий ҳисобдорлик бўйича Жаҳон банки ва Европа иттифоқи делегациясининг қўшма миссияси аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Сенатидаги навбатдаги учрашув давлат харажатлари ва молиявий ҳисобот  PEFA талаблари ва стандартларига мувофиқ мамлакатимизда молия ва бюджет интизомини, бюджет ресурслари ҳамда молиявий хизматларни тақсимлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича жорий йилда Қўшма миссия томонидан амалга оширилаётган ишларнинг давоми бўлгани таъкидланди.

Учрашувда мамлакат молия тизимини давлат томонидан назорат қилишни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди. Давлат молия назорати ҳар қандай давлат фискал тизими муваффақиятли фаолият кўрсатишининг мажбурий шарти, ушбу тизимни бошқаришнинг бош вазифаси экани қайд этилди. Давлатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида иш сифатини яхшилаш даражаси айнан у қандай ташкил этилганига боғлиқдир.

Томонлар таъкидлаганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар давлат ва жамоатчилик учун молиявий ҳисоботнинг халқаро мезонлари ва стандартлари (International Public Sector Accounting Standards, IPSAS) асосида бюджет жараёнини ташкил этиш заруратини келтириб чиқармоқда, мамлакатдаги бюджет жараёнлари тегишли тузилмалар ва жамоатчиликнинг эътиборига очиқ, тушунарли шаклда тақдим этилиши лозим.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори амалга оширилаётгани бюджет жараёнларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Давлат маблағлари ва мол-мулки шаклланиши, ҳаракатланиши ва улардан фойдаланилиши устидан назорат қилишнинг янги, самарали турлари ҳамда шаклларини жорий этиш давлат молия назоратини ривожлантириш йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан учрашувда асосий эътибор аудит бўйича ҳисоботларни қонунчилик даражасида назорат қилишга қаратилди. “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, шунингдек Аудиторлик фаолиятининг миллий стандартлари (АФМС) бу йўналишдаги асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳисобланиши таъкидланди.

Учрашувда аудит бўйича ҳисоботлар назоратини, текширув натижалари юзасидан эшитувларни ўтказиш ва аудит бўйича тавсиялар тайёрлаш вақтига оид турли масалалар муҳокама этилди.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки ва Европа иттифоқи делегациясининг қўшма миссияси жорий йил 7 декабргача ўз ишини давом эттиради ва унинг якунлари бўйича тегишли хулоса тақдим этади.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3459 28.11.2018



×
Портал харитаси