Халқаро шартномаларга эътибор, валюта муомаласига талабчанлик кучаяди

2018 йил 22 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатда ижтимоий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Мажлис кун тартибига киритилган барча масалалар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.  

Маълумки, мамлакатнинг халқаро битимлари давлат ҳуқуқий тизимининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу туфайли, мажлис аввалида депутатлар ишни «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама қилишдан бошладилар.

Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизими фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури»нинг 3-банди ижроси юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади халқаро шартномаларни тузиш, чоп этиш, рўйхатга олиш, сақлаш, бажариш, уларнинг амал қилишини тўхтатиш ва тугатиш, шунингдек, уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш тартибини белгилашдан иборат.

Янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш масаласининг комплекс таҳлили шуни кўрсатадики, ҳозирда амал қилиб турган қонун 1995 йилда қабул қилинган бўлиб, қарийб чорак аср давомида Ўзбекистонда ушбу соҳада кўламдор ўзгаришлар рўй берди. Бу эса, ҳуқуқни қўллаш амалиётида ҳам муайян ўзгаришлар бўлишига олиб келди. Шу боис, мазкур қонун лойиҳасида соҳага доир амалдаги қатор янги ўзгаришлар ўз аксини топди.

Лойиҳа матни «тушунчалар аппарати» билан тўлдирилди. Халқаро шартномаларни ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва лингвистик, шунингдек, бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш механизмлари белгиланди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми кенгайтирилди. Юридик мажбурият юкловчи ҳужжат бўлмаган халқаро актларнинг (декларация, қўшма баёнот, англашув меморандуми ва бошқалар) ҳуқуқий ҳолати белгиланди.

Депутатлар фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакат ташқи сиёсатини амалга оширишнинг асосий воситаларидан бири бўлган халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини шакллантириш ва такомиллаштиришга хизмат қилади.

Депутатлар томонидан кўриб чиқилган навбатдаги масала — Ўзбекистон Олий суди томонидан 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг 7-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган «Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Маълумки, Жиноят-процессуал кодексининг 270-моддасига мувофиқ, жабрланувчи, гувоҳ ёки ишда иштирок этаётган бошқа шахсларга, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларига ўлдириш, куч ишлатиш, мол-мулкини йўқ қилиб ташлаш ёхуд мол-мулкига шикаст етказиш билан ёки ўзга ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатлар билан таҳдид қилиняпти, дейиш учун етарли маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд бу шахсларнинг ҳаёти, саломатлиги, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини муҳофаза қилиш, айбдорларни аниқлаш ҳамда уларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриши шарт. Бироқ ҳозиргача қонун ҳужжатларимизда ҳимоя чоралари тизимини аниқлаш тартиби, уларни қўллаш асослари аниқ-тиниқ белгиланмаган.

Мазкур қонун лойиҳасида қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган ҳолда, ҳимоя чоралари тизимини аниқлаш, уларни қўллаш асослари ҳамда тартиби акс эттирилмоқда. Ваколатли органлар томонидан жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан шахсни қўриқлаш, турар жой ва бошқа мол-мулкни асраш, уларга индивидуал ҳимоя воситаларини ва техник воситаларни бериш, вақтинчалик хавфсиз жойга жойлаштириш, бошқа яшаш жойига кўчириш, иш (хизмат) ёки ўқиш жойини ўзгартириш, ҳужжатларини алмаштириб туриш каби хавфсизлик чораларининг қўлланилиши борасидаги нормалар аниқ белгилаб қўйилмоқда.

«Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси ҳам депутатларнинг қизғин баҳс-мунозарасига сабаб бўлди.

Ушбу қонун лойиҳасининг асосий мақсади Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш қисмига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдан иборат. Қайд этилганидек, амалиётда аксарият ҳолларда якка тартибдаги тадбиркорлар — жисмоний шахслар (фуқаролар) томонидан ноқонуний қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Ўрганишларга кўра, қурилиш соҳасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар 2013 йилда 299 та, 2014 йилда 389 та, 2015 йилда 588 та ва 2016 йилда 911 тани ташкил этгани аниқланган. Қурилиш-монтаж ишларини бажараётган фуқароларга нисбатан содир этилган бундай ҳуқуқбузарликлар учун бугунги кунда маъмурий жавобгарлик қўллаш масаласи аниқ ҳал этилмаган. Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-модда ҳамда 160-моддаларига фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш ҳамда қўллаш таклиф этилмоқда.

Депутатлар лойиҳа юзасидан қонун ташаббускорларига саволлар билан мурожаат этдилар. Мазкур қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилаётганда депутатлар томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар лойиҳада ўз аксини топмаганини депутатлар мисоллар келтирган ҳолда эътирозлар билдирдилар.

Шундан сўнг қонун лойиҳаси овозга қўйилди. Бироқ қонун лойиҳаси етарли овоз тўплай олмади.

Мажлис кун тартибидаги навбатдаги масала «Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 170-моддасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди.

Қайд этилишича, мамлакатимизда чет эл валютасини айирбошлаш эркинлаштирилгандан буён соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, хорижий валютанинг қонуний муомаласи билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар кескин ошиб бормоқда. Масалан, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан ўтказилган таҳлиллар бу тоифадаги жиноятчиликнинг кескин ўсиш ҳолатларини кўрсатмоқда: биргина жорий йилнинг 9 ойида 2 069 та (2017 йил шу даврида – 1 656) шундай ҳуқуқбузарликлар аниқланган.

Шуни инобатга олган ҳолда тайёрланган қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддаси, Жиноят кодекси 177-моддасининг санкциясига ўзгартиш киритиш орқали валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун жазо чораларини белгилаш ҳамда жарималар миқдорини ошириш кўзда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши бу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини кучайтиришга, аҳоли томонидан чет эл валюталарини айирбошлаш шохобчалари орқали харид қилиш даражасини оширишга, иқтисодиётда хуфиёна секторнинг даражасини камайтиришга ва чет эл валютасининг назоратсиз чиқиб кетиш йўлларини бартараф этишга ёрдам беради.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Б.Ходжаевга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг «Ўзбекистонда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежовчи инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари тўғрисида»ги парламент сўровини юбориш ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Шунингдек, мажлисда парламент қуйи палатаси ваколатларига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 3449 22.11.2018



×
Портал харитаси