ОИТСга қарши кураш маркази директорининг ахбороти эшитилди

Республикамизда 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 37872 нафар (100 минг аҳоли сонига нисбатан интенсив кўрсаткич – 115,8) шахс ОИВ инфекциясини юқтирган.

ОИТСга қарши кураш маркази директорининг ахбороти эшитилди

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширлаётган ислоҳотлар доирасида аҳолининг соғлиғини сақлаш, шу жумладан, одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик профилактикаси, ташхиси ва уни даволаш соҳасидан қатор ижобий натижаларга эришилди. Мазкур йўналишда комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши бу йўналишда эпидемик вазиятнинг барқарорлашишига кўмаклашди.

Шу билан бирга, одамнинг иммунитет танқислиги вируси оқибатида келиб чиққан касаллик, яъни ОИВ инфекцияси бугунги кунда барча мамлакатлар учун долзарб муаммога айланди. Мазкур хасталикнинг салбий таъсири бугун фақат соғлиқни сақлаш тизимигагина эмас, балки мамлакатнинг иқтисодий хафвсизлигига ҳам жиддий хавф туғдиради.

Шудан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Президентимизнинг 2018 йил 25 январдаги қарори билан тасдиқланган “2018 йилда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш Давлат дастури” ижроси юзасидан Республика ОИТСга қарши кураш маркази директорининг ахборотини эшитишга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда мамлакатда ОИВ инфекцияси билан касалланиш ҳолати ва хасталик тарқалишини олдини олиш борасида Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар, қарорда назарда тутилган чора-тадбирларнинг сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар, мавжуд муаммолар ҳамда келгусидаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича дастури (ЮНЭЙДС) маълумотларига кўра, дунё бўйича айни пайтда 37 миллион нафар ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахс ҳисобга олинган.

Республикамизда 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 37872 нафар (100 минг аҳоли сонига нисбатан интенсив кўрсаткич – 115,8) шахс ОИВ инфекциясини юқтирган.

Мамлакатимизда мазкур инфекция тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилиши натижасида кейинги йилларда бу борадаги эпидемик вазиятда бироз барқарорлашган. Ушбу инфекция билан касалланганлар сони 2017 йилда 2013 йилга нисбатан 222 нафарга (5 фоиз) камайган.

Марказ раҳбарининг ахборотида қайд этилганидек, сўнгги йилларда аҳолининг ихтиёрий равишда ва маълум гуруҳларни қонун ҳужжатлари асосида мажбурий равишда лаборатория текширувлари билан қамраб олиш кўрсаткичлари ортди.

2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб ОИВ диагностикаси билан шуғулланувчи 63 та туманлараро ОИВ диагностик лабораториялар ОИТСга қарши кураш марказлари тасарруфига ўтказилди. Жорий йилнинг ўтган даврида ОИТСга қарши кураш марказлари томонидан маҳаллий маблағлар ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига жами 1,400 млн. сўмга 
9 турдаги 34 та асбоб-ускуналар сотиб олиб, ўрнатилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Ўсимлик моддалари кимёси институтида ОИВ, гепатит В ва С диагностикаси учун ИФА тест-системалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физикаси институти қошидаги “Радиопрепарат” Давлат корхонасида тест-система ва диагностикумлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Йиғилишда ОИВ инфекцияси масалалари бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш борасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ўрта таълим мактабларида ОИВ инфекцияси мавзулари мактаб ўқувчилари учун “Саломатлик дарслари” ва “Соғлом авлод асослари” ўқув дастурлари доирасида фанлар таркибида интеграциялашган ҳолда ўқитилмоқда. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан хамкорликда тузилган режага мувофиқ, ёшлар ўртасида ОИВ инфекцияси профилактикаси масалаларида 20 та олий ўқув юртида маърузалар ўқилди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ОИВ инфекциясининг профилактикаси бўйича соҳа “йўл харитаси” тасдиқланиб, амалиётга татбиқ этилди.

Шу билан биргаликда, йиғилишда мазкур йўналишда мавжуд муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, ОИВ инфекцияси диагностикасида ва беморларни даволашда ишлатиладиган диагностикумлар, тест-системалар ва реагентлар билан таъминот узлуксизлигини таъминлаш, лабораториядаги мавжуд асбоб-ускуналарни таъмирлаш ва ҳар йили метрологик кўрикдан ўтказиш учун ажратиладиган маблағларнинг етарли эмаслиги, туманлараро ОИВ диагностик лабораториялари жойлашган бинолар таъмирталаб ҳолатга келиб қолгани, тегишли лойиҳаларни амалга оширишда ННТ иштироки талаб даражасида ташкил этилмаётгани каби вазифаларга етарли эътибор қаратилмаяпти.

Йиғилиш давомида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмита аъзолари ҳамда соҳа мутахассислари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида таклифлар ишлаб чиқилиб, вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

| 59 23.11.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг