ЕХҲТ делегацияси билан учрашув

Олий Мажлис Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари С.Артикованинг ЕХҲТдаги Италия раислигининг гендер масалалар бўйича махсус вакили М.Вервир бошчилигидаги ЕХҲТ делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда хотин-қизларнинг жамиятдаги аҳамиятини ошириш, ЕХҲТнинг ушбу соҳадаги мажбуриятларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва ЕХҲТ институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди. Гендер тенглик соҳасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантиришда ижобий ўзгаришлар кузатилаётганлиги қайд этилди.

Мамлакатимиз ҳукумати томонидан аёлларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини мустаҳкамлашга, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва тиббий маданиятини, интеллектуал салоҳиятини оширишга, ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берилаётганига урғу берилди.

Сўнгги икки йилда хотин-қизларнинг шаҳар ва туман ҳокимият вакиллик органларидаги, тадбиркорлик ва бизнес соҳасидаги, шунингдек жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа соҳаларидаги фаолияти кучайди. Жорий йил февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани гендер тенглик ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ҳуқуқларини кенгайтириш масалалари мамлакатимиз раҳбариятининг диққат марказида турганининг яққол тасдиғидир. 

Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оиладаги ва жамиятдаги мавқеини ошириш, иш билан бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигининг турли шаклларини ривожлантириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар нодавлат нотижорат ташкилотларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ва хотин-қизлар халқаро ҳаракатида фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ЕХҲТ делегациясининг гендер масалалар бўйича аъзолари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Демократик янгиланиш ва модернизациялашда хотин-қизларнинг роли: энг яхши халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этади. ЕХҲТнинг гендер масалалар бўйича 2004 йилдаги Ҳаракатлар режасида белгиланган олтита устувор йўналишига мувофиқ ЕХҲТ раислигининг махсус вакили М. Вервир диққат-эътиборини аъзо давлатлар томонидан ЕХҲТ мажбуриятлари бажарилишига ҳамда хотин-қизларнинг гендер тенглиги ва ҳуқуқларига доир масалаларни ҳал қилиш учун аниқ чоралар кўрилаётганига қаратади.

| 3604 06.11.2018



×
Портал харитаси