Депутатлар мамлакат ҳаётига доир муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

2018 йил 24 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини, деярли ҳар бир даврада, ҳар куни муҳокама мавзуси бўладиган масалаларни кўриб чиқдилар.

 

                                Депутатлар мамлакат ҳаётига доир муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

 

Мажлис кун тартибига киритилган барча масалалар сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.  

Мажлисда депутатлар мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 20-банди ижроси юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасига киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Мазкур қонун лойиҳаси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ҳамда фаол иштирокини таъминлаш мақсадини кўзлайди.

Аммо қонун лойиҳасида бир қанча баҳсли нормалар акс этгани боис депутатларнинг ҳақли эътирозларини келтириб чиқарди. Шу туфайли мазкур қонун лойиҳасини янада пишиқ-пухта ишлаш мақсадида навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритиш учун қолдириш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, айни пайтда қонун ҳужжатларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ушбу ҳудудларда яшаш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ қатор чекловлар мавжуд. Мазкур чекловларга риоя этмаслик фуқаролар ва мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади. Ушбу қонун лойиҳаси бундай чекловларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг иш танлаш, республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари, паспорт, билим олиш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ бошқа ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди ва қабул қилинди.

Шундан кейин депутатлар «Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотанинг бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»гиқонуни лойиҳасини муҳокама қилишга киришдилар.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижроси юзасидан парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасининг мақсади Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотани бекор қилиш орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар номзодини илгари сурувчи субъектлар доирасини мақбуллаштириш, сайловга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва халқаро андозаларга мослаштиришдан иборат.

Бироқ, депутатлар қайд этганидек, айни кунларда фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама этилмоқда. Сайлов кодекси қабул қилинадиган бўлса, депутатлар таклиф этаётган қонун лойиҳаси билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилаётган бир нечта қонун табиий равишда ўз кучини йўқотади. Айни асосларга кўра, депутатлар фикрича, мазкур қонун лойиҳасида кўзда тутилган нормаларни алоҳида лойиҳа тарзида эмас, балки Сайлов кодексида акс эттириш мақсадга мувофиқ. Шу муносабат билан мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан рад этилди.

Мажлис кун тартибидаги навбатдаги масала — «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига Вазирлар Маҳкамаси томонидан мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги “Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган дастурнинг 2-банди ижросини таъминлаш мақсадида киритилди.

Депутатларнинг таъкидлашича, бугунги кунда қурилиш-монтаж ишларини бажараётган фуқароларга нисбатан шаҳарсозлик соҳасида йўл қўйган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масаласи белгиланмаган. Натижада қурилиш соҳасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони кескин ошиб бормоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳуқуқбузар фуқароларга нисбатан тегишли жавобгарликни белгилаш, фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда йўл қўйилаётган ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ҳисобланади. Шу муносабат билан кодекснинг 99-модда ҳамда 160-моддаларига фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш ҳамда кучайтиришни назарда тутувчи нормалар киритиш таклиф этилмоқда.

Лекин мажлисда қизғин муҳокама этилган ушбу қонун лойиҳасида бир қанча баҳсли нормалар мавжудлиги депутатларда кўплаб саволлар туғдирди. Шу муносабат билан лойиҳа ҳар томонлама пухта ишлаш мақсадида мажлис кун тартибидан чиқарилди.

Мажлис давомида «Меning fikrim» веб-портали орқали келиб тушган «Вақт ўтишини тескари ҳисобловчи светофорларни ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

«Mening fikrim» веб-портали орқали йўлланган “Туман ва шаҳарларимиз кўчаларида вақт ўтишини тескари ҳисобловчи светофорларни ўрнатиш тўғрисида”ги электрон жамоавий мурожаатда кўчаларимизда ўрнатилган амалдаги светофорларни вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан жиҳозланган транспорт ва пиёдалар светофорларига босқичма-босқич алмаштириш ҳақидаги таклиф баён этилган. 10 мингдан зиёд овоз тўплаган ушбу мурожаат парламент Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мажлис муҳокамасига киритилиб, атрофлича таҳлил қилинди ҳамда Вазирлар Маҳкамасига туман ва шаҳарларимиз кўчаларида шундай светофорларни босқичма-босқич ўрнатиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилган қарор қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига юборилган парламент сўровлари натижалари ҳам кўриб чиқилди.

Қарши шаҳар туғруқ комплексига вилоят туғруқ комплекси мақомини бериш ва уни вилоят бюджетидан молиялаштириш бўйича 3 март куни Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинган. Ушбу қарорда Қарши шаҳрида вилоят миқёсидаги туғруқларни қабул қилувчи туғруқ комплексига айлантириш кўзда тутилган. Бироқ мазкур муассаса соғлиқни сақлаш органлари ташкилий тузилмасида мавжуд эмаслиги, уни ташкил этиш асоссиз эканлиги, унга юридик мақом бериш мақсадга мувофиқ эмаслиги, молиялаштириш вилоят бюджетидан амалга оширилмаётгани аниқланган.

Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2018 йил 30 августда парламент сўрови юборилган эди. Ўтган вақт мобайнида вазирликдан жавоб келган, бироқ унда масала ўз ечимини топмагани боис йўланган жавоб депутатларни қониқтирмади ва қайта сўров юборилди.

Натижада куни кеча олинган жавоб хатида вилоят ҳокимининг шу йил 15 октябрдаги “Вилоятда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори қабул қилингани, 2018 йил 3 мартдаги қарори эса, бекор қилингани билдирилган. Шу аснода Қашқадарё вилоят туғруқ комплекси Қарши шаҳар туғруқ комплексига айлантирилиб, фаолияти тикланган. Яъни, мазкур масала қонуний ечим топган.

Шунингдек, Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази дори воситалари ва тиббий буюмлар билан лозим даражада таъминланмагани, 2018 йил 1 июль ҳолатига тиббиёт марказининг етказиб берувчи ташкилотлар олдидаги кредитор қарздорлиги 263 миллион сўмни ташкиш этгани, бу эса беморларга тегишли тиббий хизмат кўрсатишда ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётгани ҳолати бўйича Молия вазирлигига юборилган парламент сўровига ҳам жавоб олинди. Унга кўра, жорий йилнинг 12 сентябригача бўлган муддатда қарздорликлар молия органлари томонидан тўлиқ қоплаб берилган. Болалар кўп тармоқли тиббиёт муассасаси бугунги кунда дори-дармон билан таъминланган.

Мажлисда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 3967 25.10.2018



×
Портал харитаси