Ўзбекистон – Россия: товар айирбошлаш ҳажми 10 миллиард долларга етказилади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин музокараларни делегациялар аъзолари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом эттирди. Унда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо шеригидир. Мамлакатларимиз ўртасида эркин савдо тартиби амал қилмоқда. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 30 фоиз ўсган.

Музокараларда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш, транспорт ва энергетика соҳаларида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

«Сентябрь ойида ҳукумат раҳбарлари раислигида Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси муваффақиятли ўтказилди. Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда. Россиянинг етакчи компания ва банклари билан биргаликда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 

Ҳисоб-китобларимизга кўра, жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларга етади. Бу рақам режалаштирганимиздан ҳам ортиқ. Яқин йиллардаги вазифа савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш», деди Шавкат Мирзиёев. 

Владимир Путин давлатимиз раҳбарини тўлиқ қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон ва Россия ҳукуматларига ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича зарур чоралар кўриш топширилди. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолиятини янада кучайтиришга келишиб олинди. 

Давлат раҳбарлари ташриф доирасида умумий қиймати 25 миллиард доллар бўлган савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳужжатлар имзоланганини мамнуният билан қайд этди.

Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида 2019-2024 йилларда иқтисодий ҳамкорлик дастурининг қабул қилиниши ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Музокараларда маданий-гуманитар алоқаларни, айниқса, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Куни кеча Тошкентда икки мамлакат олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида ўтган “Янги иқтисодиёт учун янги кадрлар” мавзуидаги биринчи Таълим форуми натижалари юқори баҳоланди. Унда таълим ва фан соҳаларидаги ҳамкорлик, жумладан, мамлакатимизда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари филиалларини очиш тўғрисида 100 дан ортиқ келишув имзолангани қайд этилди.

| 3702 19.10.2018



×
Портал харитаси