Инновацион тараққиёт – мамлакат иқтисодиётини модернизациялашнинг стратегик жиҳатдан устувор йўналиши

2018 йил 12 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳузуридаги “Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришнинг илмий асослари ва муаммолари” илмий-тадқиқот маркази ва БМТТД билан биргаликда ташкил этилган “Ўзбекистон Республикаси  иқтисодиётини инновацион ривожлантириш: хорижий тажриба, тенденциялар ва истиқболлар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, давлат ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ҳамда хориж ва мамлакатимизнинг йирик компаниялари, мамлакатда аккредитациядан ўтказилган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида” 2018 йил 22 январдаги Фармонида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, миллий иқтисодиётни ривожлантириш йўлларини мақбуллаштиришга қаратилган илмий-амалий таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш – конференцияни ўтказишдан кўзланган мақсаддир.

Конференцияда таъкидланганидек, замонавий инновацион техногияларни илм-фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга жадаллик билан татбиқ этиш Ўзбекистон Республикасини илдам ривожлантиришнинг муҳим шартидир. Шуни ҳисобга олган ҳолда жорий йилнинг 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унга кўра мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион тараққиётини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш бош мақсад сифатида белгилаб берилди. Анжуманда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясининг асосий йўналишлари ҳақида сўз юритилар экан, иқтисодиёт эҳтиёжларига қараб кадрлар тайёрлаш тизими сифати ва мослашувчанлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Ўзбекистонда инновацияларни рағбатлантиришнинг институционал базаси ҳам конференция иштирокчилари томонидан муҳокама этилди. Шу муносабат билан ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, кенг кўламли солиқ имтиёзларини тақдим этиш, амалий илмий тадқиқотлар устувор йўналишлари ва мақсадларини танлашга ҳукумат кўрсатадиган таъсирни чеклайдиган қонунлар қабул қилиш, ҳудудлар жавобгарлиги ва манфаатдорлигини кучайтириш каби инновацияларни рағбатлантирувчи институционал механизмларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Шунингдек, конференция иштирокчилари томонидан иқтисодиётни ривожлантиришнинг инновацион моделларини шакллантириш борасидаги хорижий тажриба, мамлакат инновацион салоҳиятини ошириш омили сифатида илмий фаолиятни қўллаб-қувватлашнинг турли шакллари, таълим соҳасига инновацияларни жорий этишнинг самарали йўллари ва ушбу мавзунинг бошқа жиҳатлари муҳокама этилди.

Мунозарада иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва нуқтаи назарлар турли тажрибаларни умумлаштириш ҳамда шу асосда таклифлар ишлаб чиқиш имконини берди. Конференция якунлари бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

| 4040 13.10.2018



×
Портал харитаси