“Мактаб ўқитувчилари шундай қудратга эга бўладики, бош вазирлар буни орзу қилади, холос”

Болани вояга етказиш қийин, тарбиялаш – ундан-да қийин. Таълим бериш эса яна-да масъулиятли вазифадир.

Ота-оналар фарзандига шеър ёдлатмайди. Бу уларнинг қўлидан келади, лекин хаёлига келмайди. Янги йил ёки Наврўзда уйда болалар оммавий тарзда ашула айтиб, рақсга тушиб, байрам қилмайди. Ота-оналар буни ташкил қилишга қурби етади, лекин хаёлига келтирмайди. Буларнинг барчасини боғчадаги тарбиячи ташкил қилади. Тарбиячининг хизмати туфайли ота-оналар фақат катта байрамлар эмас, мисол учун, ҳосил байрамида ҳам фарзандига қўшилиб шеър ёдлайди. Икки карра икки тўрт бўлишини ҳамма билади. Буни болаликда инсонга ота-онаси эмас, мактабдаги муаллими ўргатади. Бундан мураккаб нарсалар кўп. Уларнинг ҳаммаси ўқитувчи ёрдамида ўрганилади. Оддий одам болага бирор нарсани тушунтиргунча жуда хуноб бўлади. Баъзилар “портлаб” ҳам кетади. Фақат ўқитувчигина қунт ва сабр билан таълим беришга қодир. Шу боис Уинстон Черчилль “мактаб ўқитувчилари шундай қудратга эга бўладики, бош вазирлар буни орзу қилади, холос” деб таъкидлаган. 

Зеро, фақат муаллим инсонни инсон қилади. Ўқитувчиларни алоҳида бир тоифа дейиш мумкин. Қолган барча касб эгалари – бир тоифа. Чунки космонавт ҳам, шифокор ҳам, учувчи ё ҳарбий ҳам дастлаб ўқитувчининг олдидан ўтади. Машҳур актёр Брюс Лининг бундай гапи бор: “ўқитувчиларни бир хонага тўпланг, улар барча масалаларда бир-бири билан келишиб олади, кейин ўқувчиларни тўпланг – улар ҳар бир масала бўйича тортишади”. Қадимги дунёнинг буюк олими Плутарх ўқувчи тўлдирилиши керак бўлган идиш эмас, ёқилиши керак бўлган машъала эканини айтган. Ана шу машъалани ёқиш фақат ўқитувчининг қўлидан келади. Муаллим мисоллар билан, ширин гап билан, умумқабул қилинган ва шахсий педагогик услублар билан бола миясидаги бўшлиқни фойдали илмга тўлдиради. 

Ўтган асрнинг 80-йилларида Россиянинг Уфа шаҳридаги мактаблардан бирининг ўқувчилари физика фанидан олимпиада ва бошқа танловларда кетма-кет ғолиб бўлаверган. Физика ўқитувчисидан бунинг сабабини сўрашганда, дарсни қизиқ воқеа, баъзан болаларга хос латифа билан бошлаши, шу тариқа ўқувчиларнинг бутун диққатини ўзига қаратиб олишини айтган эди. Тўғри, фақат текис ўтиришни ўргатадиган ўқитувчилар ҳам йўқ эмас, лекин мана шундай шахсий услубиятларга эга муаллимлар ҳам кўп. Муаллим ўқувчида “орқада қолган менга етиб олсин” эмас, балки “олдиндагига етиб олишим керак”, деган фикрни шакллантиради ва мустаҳкамлайди. Ўқитувчи шундай қудратга эгаки, баъзан ҳазил тариқасида яхши муаллим ўзи билмаган нарсани ҳам ўргата олади, дейишади. Мактаб фақат таълим даргоҳи эмас. У ўсиб келаётган авлоднинг фикр-мулоҳазаси, дунёқараши шаклланадиган маскандир. Келажак шу ердан бошланади ва унинг қандай бўлиши, давлатнинг бўлажак тақдири айнан ўқитувчига боғлиқ. Масалан, яхши ерга экилган дон эртага яхши ҳосил беради. Тошлоққа, қуруқшаб ётган тупроққа тушган дондан эса фойда йўқ. Ўқитувчи ўқувчини шундай йўналтирадики, у унумдор ерга тушган дондек бўлади. 

Шундай оғир ва машаққатли меҳнатни танлаш фидойилик бўлса, умрни таълим беришга бағишлаш чинакам қаҳрамонликдир. Бундай инсонлар олдида минг бор таъзим қилгандан кейин беихтиёр минг биринчи таъзимга ҳам шайланамиз. 

 

Музайяна Машрабхон, ЎзА

| 4096 26.09.2018



×
Портал харитаси