Евроиттифоқ Марказий Осиёга узоқ муддатли инвестиция киритади

Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг истиқболли тараққиётига ишонади. Шу боисдан минтақага узоқ муддатли инвестиция киритишни мўлжалламоқда. 

                            ​Евроиттифоқ Марказий Осиёга узоқ муддатли инвестиция киритади

РИА Новостининг ёзишича, бу ҳақда ЕИнинг Россия, Шарқий ҳамкорлик ва Марказий Осиё бўйича Европа ташқи ишлар хизмати раҳбари Люк Девинь Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга бағишлаб ташкил этилган давра суҳбатида маълум қилган. 

Ўтган ҳафтада Еврокомиссия транспорт, энергетика ва рақамли тармоқларни бирлаштиришни ўз ичига олган минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлаш ташаббусини киритган ҳолда ЕИнинг Европа ва Осиё тараққиёти бўйича стратегиясини янгилади. Янги стратегияда қайд этилишича , яқин ўн йилликда иқлим ўзгаришига мослашиши ва инфраструктура учун Осиё минтақасига 1,3 миллиард евродан зиёд инвестиция ажратилади. 

“Биз минтақанинг узоқ муддатли истиқболига ишонамиз” деган Люк Девинь давра суҳбатида. Унинг қўшимча қилишича, 2015 йилда ЕИ Қозоғистон билан кенг кўламли ҳамкорлик ва шериклик келишуви бўйича музокара олиб борган. Айни вақтда шу йўналишдаги ишлар Қирғизистон ва Озарбайжон билан давом этиб, тез орада Ўзбекистон билан ҳам музокаралар бошланади. 

Янги стратегияга кўра, ЕИ Осиё билан алоқани устувор транспорт йўлаклари, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва рақамли тармоқлар, келишилган қоидалар ва стандартлар асосида, товарлар, сармоялар ва хизматлар оқимини яхшироқ бошқаришга имкон берадиган, шунингдек, инвестициялар учун молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш орқали ривожлантиради.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА​

| 3643 25.09.2018



×
Портал харитаси