Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

             Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида

 


Хорижда яшаётган ва профессионал фаолиятини юритаётган ватандошларимиз, айниқса, катта илмий салоҳиятга эга олимлар, мутахассислар ва истеъдодли ёшлар билан яқин ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун зарур, жаҳон меҳнат бозорида рақобатбардош ва юқори малакали мутахассисларни ҳам етакчи хорижий таълим муассасаларида, ҳам Ўзбекистонда тайёрлаш ва малакасини ошириш орқали шундай кадрлар билан таъминлаш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш маркази Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб юритилади) этиб қайта ташкил этилсин. 

2. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма Хорижда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармасининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади. 

3. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин: 

хориждаги нуфузли илмий-тадқиқот, таълим ва тиббиёт муассасаларида, иқтисодиётнинг бошқа истиқболли тармоқларида, айниқса, энг янги материаллар ва инновацион технологияларни ишлаб чиқариш ва қўллаш соҳаларида ишлаётган, қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларимиз билан алоқалар ўрнатиш; 

давлат органларининг кадрлар бўйича хизматлари томонидан фойдаланилиши ва онлайн тарзда излаш амалга оширилиши мумкин бўлган жаҳон мамлакатлари ва мутахассисликлар бўйича каталоглаштирилган қимматли илмий ва амалий тажрибага эга ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш; 

хорижий олимлар, ўқитувчилар, муҳандислар ва бошқа мутахассислар, шу жумладан, ватандошларни таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларига, айниқса, янги, истиқболли тармоқларга жалб этиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг салоҳиятидан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва тадбирларни амалга ошириш; 

таълим, соғлиқни сақлаш ва иқтисодиёт соҳаларида ишлаётган ватандошлар орасида Ўзбекистоннинг ижобий қиёфасини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари бўйича уларнинг ғоя ва фикрларини тўплаш, умумлаштириш ва тегишли ташкилотларга етказиш, шунингдек, тўпланган материалларни тайёрлаш ва тарқатишнинг самарали тизимини яратиш; 

хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имиджини шакллантириш ва қўллаб-қувватлашда, шунингдек, ривожланган мамлакатларнинг нуфузли таълим ва илмий марказлари билан алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни ривожлантиришда ватандошлар салоҳиятидан фаол фойдаланиш; 

ривожланган мамлакатларнинг етакчи таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва докторантура дастурлари бўйича танлов ўтказиш ва тайёргарликни, шунингдек, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида истиқболли мутахассислар, шу жумладан, педагоглар ва илмий кадрлар учун малака оширишни ва стажировкадан ўтишни ташкил этиш; 

нуфузли хорижий таълим ва илмий муассасаларда истиқболли мутахассисларни ўқитишни мониторинг қилиш, уларнинг Ўзбекистонда муносиб ишга жойлашишига кўмаклашиш, ушбу мутахассисларнинг меҳнат фаолиятини мониторинг қилиш, уларнинг касбий жиҳатдан ўсишига ва мансаб пиллапояларида кўтарилишига кўмаклашиш; 

ҳам мамлакатимиз, ҳам хорижий экспертларнинг, шу жумладан, ватандошларимизнинг Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларнинг боришига оид таҳлилий материаллари чоп этиладиган журналлар, илмий тўпламларни тайёрлаш ва кенг тарқатиш; 

давлат органлари ва бошқа ташкилотларда ишлар ҳолатини мониторинг қилиш ҳамда кадрларни хорижда тайёрлаш ва хорижий мутахассисларни жалб этиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; 

таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, давлат бошқаруви соҳаларида халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатларнинг давлат тузилмалари ва нодавлат ташкилотлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, уларни ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш. 

4. Қуйидагилар: 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси тузилмаси 1-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ; 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши таркиби 3-иловага мувофиқ; 

Хорижда таълим олиш, стажировка ўташ ва малака ошириш учун номзодларни танлаб олиш тартиби тўғрисидаги низом 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

5. Белгилансинки: 

Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади; 

Жамғарма директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, маиший, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазирнинг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосарлари эса вазир ўринбосарларига тенглаштирилади; 

Жамғарма ходимларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидаги тегишли лавозимлар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш миқдорлари ва шароитлари татбиқ этилади; 

Жамғарма ходимларига улар ишининг ҳажми ва самарадорлигидан келиб чиққан ҳолда директор қарорига асосан лавозим маошларининг 100 фоизигача миқдорида ойлик устама белгиланади. 

6. Жамғарма директорига: 

Жамғарма тузилмасига, зарур ҳолларда, ходимларнинг белгиланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартириш киритиш; 

Жамғармага юклатилган вазифаларни бажаришга давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, шунингдек, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг малакали ишчи ва мутахассисларини шартнома асосида жалб этиш ҳуқуқи берилсин. 

7. Белгилаб қўйилсинки: 

Жамғарманинг молиявий кўмагида хорижда магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олган, малака оширган, стажировка ўтаган стипендиатлар зиммасига стипендиат билан тузилган шартномада белгиланган муддат давомида олий таълим муассасаси ёки илмий муассасада, шунингдек, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида ишлаб бериш мажбурияти юклатилади; 

стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим ва илмий муассасаларнинг талабалари сафидан чиқарилганда, малака ошириш, стажировка ўташ, магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таълим тугагандан сўнг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, шунингдек, олий таълим муассасаси ва илмий муассасада, вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларида меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортганда Жамғарма томонидан стипендиатни ўқитишга сарфланган барча молиявий харажатлар стипендиат томонидан қоплаб берилади. 

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази хорижда таълим олиш, малака ошириш ва стажировка ўташ учун номзодларни танлов асосида танлаб олишни ташкил этишда Жамғармага ҳар томонлама услубий ёрдам кўрсатсин. 

9. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Жамғарма йўналиши бўйича хорижий мамлакатларда таълим олган, шу жумладан, фан доктори илмий даражасини олган стипендиатларнинг таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларини махсус синовларсиз нострификациядан ўтказишни (эквивалентлигини белгилашни) таъминласин. 

10. Жамғарма харажатларини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин: 

а) стипендиатларни хорижий таълим ва илмий муассасаларида ўқитишни, уларнинг малакасини оширишни ва стажировка ўташини ташкил этиш, хорижий мутахассисларни, шу жумладан, ватандошларимизни республикада меҳнат фаолиятини амалга оширишга жалб этиш бўйича: 

2018 йилда – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасидан олий таълим муассасалари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш учун кўзда тутилган ҳажмнинг 10 фоизигача миқдорида Жамғарманинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ажратиладиган маблағлар; 

2019 йилдан бошлаб – кейинчалик тегишли йилдаги истеъмол нархларининг прогноз индексига тенг коэффициентни қўллаган ҳолда ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган 45 миллиард сўм миқдоридаги маблағлар; 

тегишли йилда Жамғармага ажратиладиган бюджет маблағлари умумий суммасининг 5 фоизи миқдорида республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (оширилган шартнома ставкалари бўйича тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағларидан ажратмалар; 

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари; 

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар; 

б) Жамғарманинг жорий таъминоти, шу жумладан, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш ва Жамғармага юклатилган вазифаларни бажариш бўйича: 

2018 йилда – Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан белгиланадиган миқдорда республика олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари (тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағларидан ажратмалар; 

2019 йилдан бошлаб – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари; 

хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушумлар; 

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар. 

Республика олий таълим муассасалари рўйхати ва бюджетдан ташқари (оширилган шартнома ставкалари бўйича тўлов-шартнома асосида ўқитишдан тушадиган) маблағлардан Жамғармага ажратмалар суммаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Жамғарманинг Васийлик кенгаши томонидан тасдиқланади. 

11. Жамғарма 2022 йил 1 январга қадар давлат мақсадли жамғармаларига солиқ ва мажбурий тўловлардан озод қилинсин. 

12. Жамғармага тўртта енгил автотранспорт воситаси, шу жумладан, учта шахсий ва битта навбатчи автомобиль сақлаш учун лимит ажратилсин. 

13. “Ўзавтосаноат” АЖ ва Жамғарманинг Жамғармани “Ўзавтосаноат” АЖнинг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 13-уй (3-қават) манзилида жойлашган биносида беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Тошкент шаҳри, Фурқат кўчаси, 171-уй манзилида жойлашган Хорижда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармасининг бўшаётган бино ва иншоотларини туташ ҳудудлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида беғараз бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига лойиҳа-тадқиқот ишларини амалга ошириш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, шунингдек, берилаётган бино ва иншоотларни капитал таъмирлаш ва реконструкция қилишни амалга ошириш учун Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармасининг маблағларидан фойдаланишга рухсат берилсин. 

14. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги Жамғармага: 

ватандошлар ва хорижий мутахассислар билан алоқаларни йўлга қўйишда; 

стипендиатлар хорижий мамлакатларга виза олиши, консуллик ҳисобига қўйилишида, нотариал ва бошқа хизматлар кўрсатилишида, борган давлатида стипендиатларнинг ўқиши, малака ошириши ва стажировка ўташини мониторинг қилишда; 

чет элдан ишга таклиф этилаётган хорижий мутахассисларнинг виза олишида; 

хориждаги ватандошларнинг ташкилотлари, хорижий давлатларда фаолият юритаётган ўзбек маданий марказлари ва жамиятлари тўғрисидаги ахборотларни тўплашда, шунингдек, халқаро ташкилотлар, хорижий илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатсин. 

15. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги белгиланган тартибда: 

Жамғармани керакли алоқа, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан, унинг интернет жаҳон ахборот тармоғидан кенг полосали фойдаланишини таъминласин; 

ватандошларнинг электрон реестри (маълумотлар базаси)ни яратиш ва юритиш, шунингдек, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда видеоконференциялар, интернет-форумлар ва телекўприклар ўтказишда зарур техник ёрдам кўрсатсин. 

16. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва “Дунё” ахборот агентлиги Жамғарма фаолияти доирасида амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсин. 

17. Жамғарма икки ҳафта муддатда хориждаги ватандошлар билан ишлашни ташкил этиш ҳамда хорижий мутахассислар, шу жумладан, ватандошларимизни Ўзбекистон Республикасига жалб этиш тартибини ишлаб чиқсин ва Жамғарманинг Васийлик кенгашига кўриб чиқиш учун киритсин. 

18. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг малакасини ошириш «Истеъдод» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5121-сон Фармонини, унинг 3-банди олтинчи хатбошиси ва 5-иловасини истисно этган ҳолда, ўз кучини йўқотган деб топилсин. 

19. Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин. 

20. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувохитов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин. 




Ўзбекистон Республикаси Президенти                            Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 25 сентябрь 

| 3978 25.09.2018



×
Портал харитаси