Ўзбекистон-Туркия: Парламент ҳамкорлиги тобора кучаймоқда

2018 йил 24 сентябрь куни Туркия парламенти делегацияси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида бўлишди.

Ягона тарих, бир миллат ва забон, айнан ўхшаш урф-одату муштарак маданият.

Булар — ўзбек билан турк халқини азалдан ўзаро боғлаб келган тушунчалардир. Шу боис ҳам бундай яқинлик мамлакатларимизнинг ҳозирги муносабатларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.  

Бугунги кунда Ўзбекистон Туркия билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатларга асосланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий-молиявий муносабатларга таянган стратегик ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Айни пайтда ижтимоий-сиёсий йўналишлардаги алоқалар ҳам тобора ривожланиб бормоқда: Ўзбекистон ва Туркия давлатлари раҳбарларининг  сиёсий иродаси, қатъияти туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларга янгича руҳ бахш этилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, янгича руҳдаги муносабатларга ҳамоҳанг тарзда икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги алоқалар ҳам ўзгача мазмун-моҳият касб этмоқда.

2018 йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси раиси Бинали Йилдирим бошчилигидаги Туркия парламенти делегацияси аъзолари билан ўтказган учрашув ҳам бунинг амалдаги яққол ифодаси бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов юқори мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қизғин қутлар экан, бундай учрашувлар ва дўстона мулоқотлар Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг янги босқичида муҳим ўрин тутишини, айниқса, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, юқори мартабали меҳмонга мамлакатимиз парламенти қуйи палатасининг қонунчилик фаолияти, қўмита ва фракциялари иш услублари, норма ижодкорлиги ҳамда парламентаризм соҳасидаги янгиликлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25-26 октябрь кунлари Туркия Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғидаги олий даражадаги музокаралар натижаси ўлароқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангани муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб, парламентлараро ҳамкорликни ташрифлар алмашинуви ва қўшма тадбирлар ўтказиш орқали қўллаб-қувватлашга янада кенг йўл очилган эди. 

Учрашувда қайд этилганидек, бугунги кунда ўзбек-турк ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий асосларини Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартнома, шунингдек, қатор соҳаларга тааллуқли, яъни савдо, иқтисодиёт, транспорт, туризм, маданият, шунингдек, терроризм ва наркоманияга қарши курашишга доир 109 та ҳужжат ташкил этади. Шулардан 61 таси давлатлараро ва ҳукуматлараро, 23 таси идоралараро ва 25 таси бошқа йўналишдаги (маданият марказлари, олий ўқув юртлари ҳамкорлигига оид) ҳужжатлардир.

Учрашув давомида билдирилган томонларнинг фикрича, мамлакатлар ўртасида парламентаризм соҳасидаги ҳамкорлик айниқса жонли ва самарали кечмоқда. Ўтган қисқа давр мобайнида ҳар икки давлат парламент делегациялари бир неча мартадан ўзаро ташрифларни амалга оширдилар. Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлисидаги “Туркия-Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳлари яқин ҳамкорликда ишламоқда.

Парламентлараро алоқаларнинг жадал суръатлар билан мустаҳкамланиб бораётгани, ўз навбатида, ҳамкорлик кўламининг янада кенгайишига хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатида ва Қонунчилик палатасида Туркия парламентининг “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси делегацияси билан учрашувлар бўлиб ўтгани ҳам бу фикрнинг тасдиғидир.

Туркия парламенти делегациясининг мазкур ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳи билан Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлисининг “Туркия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳининг илк қўшма мажлиси ўтказилди. Музокара якунида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича 2018 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси —  “Йўл харитаси” имзоланди. Туркия парламенти делегациясининг бугунги ташрифи ҳам мазкур “Йўл харитаси” доирасидаги муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Қизғин, самимий ва дўстона кечган учрашувда Ўзбекистон-Туркия ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, инвестициявий ҳамда технологик, маданий-гуманитар, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш масалалари хусусида сўз юритилди.

Икки мамлакат олий вакиллик органлари ўртасида ўзаро мулоқотни жонлантириш, қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш, парламентар ҳамкорлик алоқаларини юқори босқичга олиб чиқиш борасида фикр алмашилди.

Учрашувда, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам дўстона муҳокама этилди. 

| 3933 24.09.2018



×
Портал харитаси