Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни изчил амалга ошириш орқали нақд пулларнинг банкдан ташқарида муомалада бўлишини қисқартиришга эришилди, тўловларни амалга ошириш жараёни сезиларли даражада осонлаштирилди, масофавий банк хизматларини кўрсатиш тизимларининг функционали кенгайтирилди. 

Олиб борилган ишлар натижасида аҳолининг банк карталари ва бошқа нақд пулсиз ҳисоб-китоб усулларига хавфсиз ва қулай тўлов воситаси сифатида бўлган ишончи ошди. Шу билан бирга, эришилган ютуқларга қарамай, тўлов тизимларини ривожлантириш, уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун замонавий технологик ечимларни жорий қилиш борасида қатор камчиликлар мавжуд. 

Хусусан, чакана тўловларни қайта ишлаш бўйича давлат процессинг марказининг мавжуд эмаслиги миллий тўлов тизимининг хавфсизлиги даражасини камайтирмоқда, тўлов инфратузилмасининг ягона интеграллашувига эришиш имконини бермаяпти ҳамда бир монопол тизимнинг мутлақ устун бўлишига олиб келмоқда. 

Бундан ташқари, тўлов тизимлари операторларининг фаолияти қонунчилик даражасида тартибга солинмаганлиги уларнинг ривожланишини чекламоқда ва мазкур тизимларнинг ишончли ишлашига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Тўловларни амалга ошириш узлуксизлигини таъминлаш, инновацион маҳсулотларни жорий қилиш, банк хизматларининг оммабоплигини таъминлаш ҳамда тўлов хизматлари бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида: 

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборотлаштириш бош маркази” давлат унитар корхонаси Миллий банклараро процессинг марказини (кейинги ўринларда Миллий банклараро процессинг маркази деб юритилади) ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. 

2. Миллий банклараро процессинг марказини ташкил қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар иловага мувофиқ тасдиқлансин. 

3. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки: 

2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг Миллий банклараро процессинг маркази, банклараро тўлов тизими ва клиринг марказининг фаолият юритиши учун маълумотларни қайта ишловчи тўлақонли марказ яратилишини; 

2020 йил 1 январга қадар маҳаллий ва халқаро банк карталари бўйича ҳисоб-китобларда иштирок этувчи банклар ўртасида ахборот ва технологик алоқа ўрнатишга кўмаклашувчи Миллий банклараро процессинг маркази ишга туширилишини; 

2020 йил 1 июлга қадар мамлакатдаги барча процессинг марказларининг, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларининг бевосита Миллий банклараро процессинг марказининг ягона шлюзи орқали ишлашини; 

банк тўлов инфратузилмаси доимий равишда яхшиланишини, банкоматлар ва ўзига ўзи хизмат кўрсатувчи кўп функцияли терминаллар тармоғининг, шу жумладан, ўз тасарруфидаги корхона ва ташкилотларни жалб қилган ҳолда кенгайтирилишини таъминласин. 

4. Ўзбекистон банклари ассоциацияси тижорат банклари билан биргаликда Миллий банклараро процессинг маркази лойиҳасини амалга ошириш давомида мавжуд процессинг марказларининг Миллий банклараро процессинг маркази билан интеграциялашувини ва ўзаро хизмат кўрсатилишини таъминласин. 

5. Чакана тўлов хизматларини кўрсатиш учун банк тарифлари банклар харажатлари қопланишини таъминлаш ва рақобатга кўмаклашиш учун маъмурий аралашувларсиз халқаро тажрибага мувофиқ ўрнатилиши белгилансин. 

6. Марказий банк 2019 йил 1 январга қадар бўлган муддатда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини, шунингдек, умумэътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни чуқур ўрганиш асосида қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин: 

миллий тўлов тизимининг ҳуқуқий ва ташкилий асослари; 

Марказий банк томонидан тўлов хизматлари бозорини тартибга солишни назорат қилиш, шунингдек, миллий тўлов тизими субъектларини лицензиялаш тартиби; 

тўлов тизимларида банк сири ҳимоясини таъминлаш хусусиятлари; 

электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш соҳасида ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, шу жумладан, электрон ҳамёнлар эгаларини идентификация қилиш тартиби. 

7. Лойиҳани амалга ошириш доирасида, истисно тариқасида, Марказий банк ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Ахборотлаштириш бош маркази” ДУКга: 

Марказий банк ҳудудида ўрнатилган шаҳарсозлик норма ва қоидаларига амал қилган ҳолда, қурилиш ва лойиҳалаштиришни бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш ва молиялаштириш шартларида амалга оширишга; 

лойиҳалаш ва пудрат ташкилотларини, шунингдек, жиҳозлар, бутловчи буюмлар, техника ва технологиялар, эҳтиёт қисмлар, хомашё ва материалларни етказиб берувчиларни тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаш асосида аниқлашга рухсат берилсин. 

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин. 



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  Ш.МИРЗИЁЕВ 

Тошкент шаҳри, 2018 йил 19 сентябрь 

| 3778 19.09.2018



×
Портал харитаси