Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи муҳокама марказида

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуннинг ижроси юзасидан назорат-таҳлил тартибида ўрганишлар ўтказилди.

Энергиядан оқилона фойдаланиш масаласи  муҳокама марказида

2018 йил 21 сентябрь куни парламент қуйи палатасида ана шу ўрганишлар якунига бағишлаб ташкил этилган муҳокамада мазкур Қонунни бугунги кун талабларига мос равишда қайта кўриб чиқиш ҳамда унинг бажарилишини таъминловчи қонуности ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш, уларни янада такомиллаштириш зарурияти мавжудлигини кўрсатди.

Тегишли вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар вакиллари, экспертлар, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган тадбирда масала очиқ муҳокама тарзида атрофлича таҳлил этилди.

Таъкидланганидек, иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш масалалари Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишларидан бири сифатида Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган. Бу масаланинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Углеводородли ерости бойликлари мавжуд ресурсларининг чеклангани ҳамда улардан иқтисодиёт тармоқларида фойдаланишнинг суръатининг жадаллашуви туфайли энергияни тежаб-тергаб ишлатиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда муҳандислик коммуникацияларнинг эскириши ва қониқарсиз изоляцияси натижасида энергия сарфи йилига 320-690 кВт соат/м2 ни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич ривожланган хорижий мамлакатлардаги кўрсаткичга нисбатан 2-2,5 марта ортиқ.

Энергиядан оқилона фойдаланиш эвазига иқтисод қилинган харажатлар коммунал тўловларни 25-30 фоизга қисқартиришга ҳамда атроф-муҳитга чиқарилаётган заҳарли моддаларни 30 фоизгача камайтиришга имкон беради.

Яна бир эътиборли жиҳати, буларнинг барчаси макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш билан бирга, миллий валютамиз ва ички бозордаги нарх-наво барқарорлигини таъминлашга, халқимиз турмуши фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.

Муҳокамалар чоғида депутатлар энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган манбаларни ривожлантириш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар фаолияти талаб даражасида эмаслиги, энергия тежовчи қурилмалар, дастгоҳлар ва қурилиш материалларидан фойдаланган истеъмолчиларни рағбатлантириш механизмининг мавжуд эмаслиги каби масалалар мазкур Қонун талабларининг бажарилмаслигига сабаб бўлаётганини қайд этдилар. Шунингдек, энергетика соҳасида рақобатни кучайтириш мақсадида энергетик экспертиза қилувчи ташкилотлар учун ягона талабни ишлаб чиқиш ва уларнинг шаффофлиги ҳамда мустақиллигини таъминлаш тақозо этиляпти.

Йиғилишда, шунингдек, кўп қаватли биноларнинг томи ва ертўлаларидаги иссиқлик узатувчи қувурларни изоляциялаш, янги биноларни лойиҳалашда ҳудудларнинг географик жойлашувини ҳисобга олиш аҳоли учун янада қулай шароит яратиши таъкидланди.

Шу билан бирга, ўрганишлар давомида депутатлар истеъмолчилар мазкур қонун билан белгиланган имкониятлар, уларнинг афзалликлари ва аҳамияти ҳақида етарлича хабардор эмаслигини қайд этиб ўтдилар.

Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

| 3789 21.09.2018



×
Портал харитаси