Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг йиғилиши

2018 йил 21 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда олимлар ва мутахассислар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан жорий 6 сентябрь куни қабул қилинган ушбу Қонун “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳририни тасдиқлашни назарда тутади.

Қонунийлик, ягоналик, очиқлик ва шаффофлик, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш божхона органлари фаолиятининг асосий принциплари этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, Қонунда божхона органларининг асосий вазифалари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, божхона органларида хизмат ўташ тартиби, божхона органлари ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш мустаҳкамланмоқда. Янги нормаларга кўра, божхона органи ходими давлат органи вакили ҳисобланади ва давлат ҳимояси остида бўлади.

Сўзга чиққанлар қайд этганидек, Қонун божхона органлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, фуқаролар ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш бўйича қўшимча ҳуқуқий механизмларни ўрнатишга, божхона органлари ходимлари мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳуқуқий хатти-ҳаракатлар кафолатларини яратишга, божхона органлари ходимларини моддий ва ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, қонун ҳужжатларида ишлатиладиган идоравий атамаларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун муҳокамасида ишчи гуруҳ аъзолари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 235 21.09.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг