Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи Комиссияси брифинг ўтказди

2018 йил 17 сентябрь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг брифинги ўтказилди.

Анжуманда Комиссия раиси Толибжон Мадумаров журналистларга жорий йилнинг август–сентябрь ойларида Олий Мажлис Сенати Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳрининг барча туманлари маҳаллий Кенгашларининг қўшма мажлисларида муҳокама қилинган масалалар ва қабул қилинган қарорлар юзасидан ахборот берди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августдаги “Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати зиммасига  халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашларига маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини амалга ошириш бўйича ҳар томонлама кўмаклашиш ҳамда пойтахт туманларидаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда улар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш бўйича тегишли вазифалар юклатилди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг август–сентябрь ойларида Олий Мажлис Сенати Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳридаги барча туман Кенгашларининг қўшма мажлислари ўтказилди.

Таъкидланганидек, мажлисларда пойтахт туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, хусусан аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар, шунингдек  куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан масъул вазирлик ва идоралар ҳамда секторлар раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида доимий аҳоли сони 2,5 миллиондан зиёд, улардан 1,5 млн. киши меҳнатга лаёқатли, 1,1 млн. нафар иш билан банд аҳоли, қарийб 99 минг ишсизлар, 90 мингдан ортиқ киши меҳнат мигрантлардир. Шунингдек, деярли 39 минг киши жорий йилда меҳнат бозорига биринчи марта кириб келган ёшлардир.

Буларнинг барчаси пойтахт аҳолиси бандлигини таъминлаш борасидаги муаммолар мавжудлигидан далолат бериб турибди. Тошкент шаҳри бўйича  фақатгина 91 минг киши Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан бир марталик ва вақтинчалик ишларга жалб қилинган, бу борада мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.  Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, норасмий банд аҳоли сони 141 минг нафардан зиёдни ташкил этган.

 Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги пойтахт туманларида ичимлик суви, иссиқлик таъминоти ва канализация хизматларини яхшилаш, турар жой мавзеларидаги дренаж-ирригация тизимларини таъмирлаш ва тиклаш, шунингдек  куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш борасидаги ишларнинг бориши ҳақида танқидий-таҳлилий ахборотлар тақдим этди. Хусусан, пойтахтимизнинг кўп қаватли уйларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш дастури доирасида бажарилиши лозим бўлган ишларни молиялаштириш учун қарийб 158 млрд. сўм (103 %) кредит маблағлари ажратилган. Бироқ, белгиланган вазифаларнинг ярмидан кўпи (51%) ўз вақтида ижро этилмаган. Айниқса, Яшнобод, Чилонзор, Сергели, Бектемир ва Шайхонтоҳур туманларида мазкур йўналишдаги ишлар пайсалга солинаётганлиги  қайд этилди. Бундан ташқари, Тошкент шаҳридаги мавжуд 1440 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатидан 304 таси молиявий аҳволи қониқарсизлиги сабабли имтиёзли кредитлар ололмаган. Уларнинг аксарияти Миробод, Шайхонтоҳур, Чилонзор, Сергели ва Юнусобод туманларида жойлашган.

Қўшма мажлисларда мазкур йўналишдаги ишларнинг бориши қониқарсиз деб топилиб, мавжуд муаммоларни тез ҳал қилиш, жумладан куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини узоғи билан шу йилнинг 25 сентябрига қадар тўлиқ якунлаш, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини танқидий ўрганиш ва самарадорлигини ошириш чораларини кўриш бўйича масъул вазирлик ва идоралар ҳамда секторлар раҳбарларига аниқ вазифалар берилди.

Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ахборотига кўра, Тошкент шаҳридаги жами 505 та маҳаллада 3 мингдан зиёд фойдаланилмасдан бўш турган объект аниқланган. Жумладан, мазкур объектларнинг 335 таси давлат тасарруфидаги объект бўлса, 800 дан ортиғи илгари хусусийлаштирилган, 1300 га яқини мулкдорларнинг ўзлари томонидан қурилган ҳамда қарийб 550 таси эгасиз бино-иншоотлардир.

Бўлиб ўтган қўшма мажлисларда Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигига туманлардаги республика ва Тошкент шаҳар даражасида ҳал этиладиган масалалар ечимига қаратилган “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш ва амалга ошириш топширилди. Муҳокамалар жараёнида секторлар раҳбарлари ўз ҳудудида аниқланган ҳар бир муаммонинг тезкорлик билан ҳамда сифатли ҳал этилиши учун шахсан жавобгарлиги яна бир карра таъкидланди.

Қўшма мажлисларда бугунги куннинг долзарб мавзуларидан бири – аҳолининг соғлом овқатланиши ҳамда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масаласи алоҳида муҳокама қилинди.

Пойтахт туманларидаги умумий овқатланиш жойлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланадиган корхоналардаги санитар ҳолат, шунингдек таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий соҳа муассасаларида соғлом овқатланишнинг ташкил этилганлиги масаласи лозим даражада ўрганилмаётганлиги қайд этилди.

Соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва мактабгача таълим вазирликларига туман Кенгашлари депутатлари ҳамда жойлардаги жамоат ташкилотлари билан биргаликда пойтахт туманларидаги умумий овқатланиш жойлари, ошхоналар, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш шаҳобчалари санитария-гигиена ҳолатини танқидий ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича кескин чоралар кўриш, умумтаълим мактабларида ўқувчилар учун иссиқ овқат тайёрланишини таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тегишли тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича аниқ вазифалар берилди.

Брифингда таъкидланганидек, пойтахтимизнинг барча туманларида ўтказилган қўшма мажлисларда Тошкент шаҳрида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар намунали ўтказилишини депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилишни кучайтириш вазифаси белгиланди.

Брифинг якунида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси бу йўналишдаги ишлар давом эттирилишини, эришилган натижалар ҳақида Комиссия томонидан кенг жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб борилишини таъкидлаб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

 

| 3973 17.09.2018



×
Портал харитаси