Ўзбекистон делегациясининг Японияга ҳамда ЕХҲТнинг Йиллик кенгашига иштирок этиш учун Польшага ташрифи юзасидан маълумот

Жорий йилнинг 10–14 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси ташриф билан Японияда бўлади.

Ташриф доирасида Япония Парламенти Вакиллар палатасида, Маслаҳатчилар палатасида, Вазирлар Маҳкамасида, Ташқи ишлар вазирлигида, Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлигида учрашувлар бўлиб ўтади. Уларда томонлар сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзбек-япон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилади.

Делегация аъзолари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида хориж жамоатчилигини кенг хабардор қилишга, мамлакатимизнинг туристик ва иқтисодий салоҳияти тақдимотига бағишланган тадбирларда иштирок этади.

Жорий йил 12 сентябрь куни Вакиллар палатасида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси – Япония Парламенти” иккинчи парламентлараро форуми доирасида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқаларнинг бугунги ҳолати ва ривожи истиқболларини муҳокама қилиш назарда тутилмоқда.

Мулоқот “Ўзбекистон Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши бўйича демократик ислоҳотлар ва янгиланишларнинг янги йўли. Ўзбекистоннинг Япония билан ҳамкорлик истиқболлари” ўзбек-япон симпозиуми форматида давом этади. Тадбир доирасида икки мамлакат парламент аъзолари, экспертлари ва олимларининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини татбиқ этишнинг амалий натижаларига, шунингдек Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларига бағишланган маърузалари ва нутқлари эшитилади. 

Жаҳон банки ваколатхонасининг Токиодаги офисида 13 сентябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикасининг инвестиция салоҳиятига бағишланган форумда Япония жамоатчилиги ва тадбиркорлари мамлакатимизнинг туристик ва иқтисодий салоҳияти, миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари, хорижий инвесторлар учун юртимизда яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар тўғрисида хабардор қилинади.

Шунингдек, жорий йил 10-12 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари С.Артикова бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси инсон мезонлари бўйича ЕХҲТнинг Йиллик кенгашида иштирок этади. Инсон мезонлари соҳасидаги мажбуриятларни бажариш таҳлили бўйича ЕХҲТ кенгаши Европада инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасидаги энг йирик йиллик тадбир ҳисобланади.

Делегация аъзолари демократик институтларга, шу жумладан миллий, минтақавий ва маҳаллий даражалардаги демократияга ҳамда демократик сайловларга бағишланган ишчи сессияда иштирок этади.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3625 10.09.2018



×
Портал харитаси