Олмазор тумани ривожланиши парламент ва депутатлар назорати марказида

2018  йил 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари  Олмазор туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди

.

                                 

Таъкидланганидек, бугунги кунда пойтахт ҳудудлари, шу жумладан Олмазор туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид долзарб  масалалар барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари диққат марказида турган вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси доирасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  

 Шу нуқтаи назардан қўшма мажлисда масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Тошкент шаҳар, Олмазор тумани ҳокимликлари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг жорий йил 29 июнь куни Олмазор туманига ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар, шунингдек жорий йил 13 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланган Йўл харитаси ижроси юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари эшитилди. Туманда соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

 Таъкидланганидек, кейинги 3 йилда туманга жами 400 млн. долларлик инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган. Бу борада  туман ҳокимиятида тадбиркорлар билан музокаралар ўтказилиб, жорий йилда жами 97 млн. доллар инвестициялар жалб қилиш бўйича ташаббускорлар билан инвестицион лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.

Туманнинг барча 58 та маҳалласида мулкчилик шаклидан қатъи назар бўш турган объектлар, фаолияти тўхтаган корхоналар, тўлиқ фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонлари хатловдан ўтказилди. 447 та ана шундай объект аниқланиб, улардан самарали фойдаланиш чоралари кўрилди.

                                   

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда саноат соҳаси муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Олмазор кичик саноат зонаси фаолиятини янада яхшилаш, тадбиркорларга қулай шароитларни яратиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, таъмирлаш, ҳудудни тартибга келтириш ва мавжуд бўш турган бино ва ишлаб чиқариш майдонларини тадбиркорларга бириктириш чоралари кўрилмоқда.

 Халқ фаровонлигини оширишнинг бош омили сифатида туман аҳолисининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу  мақсадда жорий йилда 15 мингта янги иш ўрни яратиш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар дастури амалга оширилмоқда. Янги иш ўринлари асосан саноат, хизмат кўрсатиш соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, кўп қаватли турар жойлар ва йўл-муҳандислик инфратузилмасини қуриш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш билан боғлиқдир.

Туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Хусусан, “Иброҳим ота” маҳалласида “Обод маҳалла” дастурига мувофиқ 24 та кўп қаватли турар жойнинг фасадлари, том қисми, кириш йўлаклари, муҳандислик тармоқлари ва ертўлалари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Шунингдек, маҳалла ҳудудида 11 минг кв.м дан ортиқ  ички йўллар таъмирланди.

                                  

 Шунингдек, мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди.  Таъкидланганидек, маҳаллаларда намуна тариқасида ихчам тўйларни ўтказиш учун маҳаллий бюджет ва маҳалла жамғармаси ҳисобидан 1,0 млрд. сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунга қадар 15 та маҳаллада ихчам тўйлар ташкил этилиб, оммавий ахборот воситаларида ёритилди.  

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилиниб, унда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш чоралари назарда тутилган.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3868 08.09.2018



×
Портал харитаси