Шавкат Мирзиёев: "Миср Президентининг ташрифи мамлакатларимиз учун тарихий аҳамиятга эга"

Ҳужжатларни имзолаш маросимидан сўнг оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев: "Миср Президентининг ташрифи мамлакатларимиз учун тарихий аҳамиятга эга"

Президентлар мулоқотлар очиқ, дўстона ва амалий руҳда ўтганини, ҳамкорликни ривожлантиришга доир кенг қамровли масалалар атрофлича муҳокама этилганини, уларнинг барчаси юзасидан фикрлар бир жойдан чиққанини таъкидладилар. Имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон ва Мисрнинг узоқ муддатли манфаатларига, икки мамлакатни ривожлантириш ва халқларимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилишини қайд этдилар.

 

– Миср Президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки мамлакат муносабатларида чиндан ҳам тарихий аҳамиятга эга бўлди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Биз икки томонлама муносабатларга доир ҳамда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашдик. Ишончим комилки, ушбу келишувлар Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги муносабатларни сифат ва моҳият жиҳатидан бойитиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни янги, юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

 

– Ўзаро самимий мулоқот ва Миср делегациясига кўрсатилган меҳмондўстлик учун Ўзбекистон Президенти ва халқига ўз ташаккуримни изҳор қиламан, – деди Абдулфаттоҳ ас-Сиси. – Бугунги имзоланган ҳужжатлар яқин келажакда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ва жадаллаштиришга туртки бўлади. Ушбу келишувлар икки мамлакат ва халқларимизнинг бир-бирига бўлган интилишлари самарасидир.

 

Абдулфаттоҳ ас-Сиси Шавкат Мирзиёевни Мисрга ташриф билан боришга таклиф этди. 

 

Матназар Элмуродов, ЎзА

| 194 05.09.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг