Пойтахтнинг Сергели туманини ривожлантириш масалалари диққат марказида

2018 йил 28 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Сергели туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

                       

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси доирасида барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилган.  

Қўшма мажлисда масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Тошкент шаҳар, Сергели тумани ҳокимликлари раҳбарларининг Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари эшитилди, шунингдек туманда соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 августдаги “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва шаҳар ҳокимлиги зиммасига пойтахтнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашларига Тошкент шаҳри ва туманлари ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш масаласида кўмаклашиши ҳам назарда тутилган.

Мажисда таъкидлаганидек, туманда 4 та сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 39 та маҳалласида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Улар бандликни таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, бўш турган бино ва ер участкаларининг аниқ манзилли рўйхатини шакллантириш, ободонлаштириш ва йўлларни таъмирлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш каби соҳаларга тааллуқлидир.

Мажлис иштирокчиларига 2018 йилда Сергели туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида жами 605,7 млрд. сўмлик 87 та лойиҳа амалга оширилиши, ушбу лойиҳалар ҳисобига 1840 та янги иш ўрни яратилиши ва 200,0 млн. доллар миқдорида хорижий  инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилгани ҳақида ахборот берилди.

                   

Туманнинг 2018-2019 йиллар хорижий инвестиция дастурига 13 та лойиха киритилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 490,3 млрд. сўмни, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 39,6 млн. долларни ташкил этади. Ушбу лойиҳалар асносида 1139 та янги иш ўрни яратилиши  белгиланган. Бугунги кунда 424 та иш ўрни ташкил этилиб, қарийб 9 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Маълумки, Сергели туманида метро линияси, 150 та кўп қаватли уй қурилиши жадал олиб борилмоқда. Хусусан, “Чоштепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 30 гектар ер майдонида шу йилнинг охиригача битказилиши мўлжалланган, ҳар бири 70 та хонадондан иборат 60 та 7 қаватли уй қурилиши давом этмоқда. Ушбу қурилаётган уйлар яқинидаги ҳудудда замонавий спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, мактаб, мактабгача таълим муассасалари,  тиббиёт, дам олиш масканлари, кутубхона, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари бунёд этилади. Бу ҳам туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришда, аҳолининг турмуш фаровонлиги даражасини юксалтиришда ва маданий хордиқ чиқариш учун шароитлар яратишда ўз таъсирини кўрсатади.

Вакиллик органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида маҳалла ролини янада ошириш ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Обод маҳалла”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Аҳоли бандлигига кўмаклашиш” каби давлат дастурларини татбиқ этиш вазифаларини бажаришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, қўшма мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди.

                 

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида бундай тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисидаги қарорнинг мазмун-моҳияти, туманда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, ортиқча дабдабаликка, миллий қадриятларга зид маросимларга, номақбул одатларга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритдилар. 

Мажлисда муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Сергели туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилиниб, унда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш чоралари назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 171 28.08.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг