Аҳолининг соғлом овқатланиши юзасидан вазир ўринбосари ахборот берди

Бугунги кунда сайёрамизда 2 миллиард инсон (26 фоизи) темир моддаси ва А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида тановвул қилмайди. Шу туфайли аксарият болаларнинг ўсиши ва ривожланиши ортда қолмоқда, улар сурункали тинка қуришидан азият чекмоқда. Буларнинг асосий сабаби соғлом овқатланиш ва турмуш тарзидаги камчиликлардир.

 

Аҳолининг соғлом овқатланиши юзасидан вазир ўринбосари ахборот берди

2018 йил 14 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда Идоралараро ишчи гуруҳи раҳбари, Республика соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Б. Юсупалиевнинг «Аҳолининг соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини юритишдаги муаммолар» тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Мавзунинг долзарблиги боис мазкур тадбирга аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш кечиришини таъминлашга масъул тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлар вакиллари таклиф этилдилар.

Таъкидлаб ўтилганидек, носоғлом овқатланиш ва носоғлом турмуш тарзи юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, саратон ва бошқа сурункали хасталиклар, шунингдек, семизлик, қамқонликка олиб келмоқда. Бу эса, аҳолининг яхши яшашига ва сиҳат-саломатлигига салбий таъсир қилмоқда. Биргина кенг тарқалган камқонлик анемиясининг ўзи жиддий эътибор қаратиш лозим бўлган муаммолар сирасига киради. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёдаги 1,62 миллиарддан ортиқ (21 фоиз) инсон организмида темир танқислиги анемиясига чалинган.

Мамлакатимизда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда тўғри овқатланишини ташкил этишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Ҳукуматнинг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги, 2018 йил 16 январдаги “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари бу борада муҳим ҳуқуқий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасидаги чора-тадбирлар комплекси ижросини таъминлаш мақсадида мактабгача таълим муассасаларида тўлақонли ва хавфсиз овқатланишни ташкил этишнинг ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигига гигиеник талаблар, сут ва сут маҳсулотларига (сут, қаймоқ, чакка, творог, пишлоқ, сметана, кефир, қатиқ) давлат стандартлари ишлаб чиқилди. Бунда тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшиладиган шакар, туз, тўйинган ва транскислоталар ҳамда қўшимчаларни хавфсиз миқдорда меъёрлаштириш кўзда тутилган.

Парламент қўмиталарида ўтказилган эшитув чоғида соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг таъкидлашича, қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, бу борадаги муаммолар тўла бартараф этилди деб бўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг хавфсизлигини текшириш мақсадида 2017 йилда ўтказилган лаборатория таҳлилларига кўра, санитария-гигиена лабораторияларида 265 минг 332 та озиқ-овқат маҳсулоти намуналари текширилганда уларнинг 9 минг 302 таси санитария-гигиена меъёр талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.

Биргина шу фактларнинг ўзи ушбу соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар талайгина эканини кўрсатади.

Эшитувда қайд этилганидек, соғлом овқатланиш билан боғлиқ мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлиги ва рационал овқатланишини таъминлаш юзасидан ташкилий-ҳуқуқий механизмларга доир чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда қилиниши лозим бўлган ўта долзарб вазифалар аниқ белгилаб олинган.

Эшитув якунида тегишли қарор қабул қилиниб, аҳолининг соғлом овқатланиши ва соғлом турмуш тарзи юритиш борасида тегишли давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари фаолиятини ўрганиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди. Бунинг учун парламент қуйи палатаси депутатлари, мутасадди идора ва ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузиб, барча вилоятларда танқидий-таҳлилий ўрганишлар ўтказиш ҳамда ўрганиш натижларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг сессияларида муҳокама қилиш ва улар асосида таклифлар тайёрлашга келишиб олинди.

| 3935 15.08.2018



×
Портал харитаси