Ҳудудлар ободлиги ва аҳоли саломатлигига дахлдор вазифалар белгилаб берилди

Ҳудудлар ободлиги ва аҳоли саломатлигига дахлдор вазифалар белгилаб берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 август куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маиший чиқиндиларни йиғиш ва қайта ишлаш тизимини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелдаги “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори натижасида илгари бошқарувчиси ва эгаси бўлмаган мазкур соҳада ягона тизим шаклланди. 

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида ташкил қилинган “Тоза ҳудуд” корхоналари жорий йилнинг етти ойида 49 миллиард сўм даромад олишга эришди. Жойларда чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари қурилмоқда. Йил охиригача аҳолини чиқинди ташиш хизмати билан қамраб олиш даражаси 62 фоизга етказилиши кутилмоқда.

Бироқ мазкур йўналишдаги ишлар ҳали етарли эмаслиги, яна қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши зарурлиги таъкидланди.

 

02.jpg

 

Аҳолини чиқинди ташиш хизмати билан 100 фоиз қамраб олиш учун яна 500 та махсус техника сотиб олиш, соҳада давлат-хусусий шериклик йўналишини кенг жорий этиш, аҳолидан тўловларни Мажбурий ижро бюроси томонидан йиғиш бўйича топшириқлар берилди. 

Йиғилишда чиқиндиларни қайта ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Оҳангарон туманида Жанубий Кореянинг “Сежин” компанияси билан ҳамкорликда 55 миллион долларлик лойиҳа бошлангани қайд этилди. Ушбу лойиҳа натижасида чиқинди полигонидан биогаз олиб, 16 мегаватт ёки 10 мингта хонадон истеъмоли учун етарли электр энергияси ишлаб чиқарилади. 

Президент соҳага хорижий инвесторларни жалб этиш, чиқиндини қайта ишлаш ва ундан энергия олиш бўйича янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

“Соҳада дунё тажрибасида кенг қўлланилаётган “ифлослантирувчи тўлайди” тамойили асосида янги тартиб жорий қилиш керак. Яъни, маҳсулотдан ҳосил бўладиган чиқиндини утилизация қилиш уни ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобидан қопланиши лозим. Бу харажатларнинг одамларга оғирлиги тушмаслиги керак”, деди Шавкат Мирзиёев.

Ободонлаштириш бошқармалари моддий-техник базасини янгилаш, бошқарувда замонавий усулларни жорий этиш, чиқинди полигонларини санитар талаблар асосида тартибга келтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Техникаларни тўғри эксплуатация қилиш, уларнинг жойларга чиқишини электрон бошқариш, хизматлар учун тушумлар ҳисоб-китобини тўғри йўлга қўйиш, кадрлар тайёрлаш бўйича вазифалар белгиланди. 

Айрим одамларда ҳалигача чиқиндини махсус белгиланган жойга ташлаш, ўз кўчаси ва ҳудудини озода сақлаш маданияти шаклланмагани қайд этилди. Шу боис ҳудудларни ифлослантирганлик учун жавобгарликка тортишнинг таъсирчан механизмларини яратиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. 

Йиғилишда мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланиб, тегишли топшириқлар берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилмоқда.

 

ЎзА

| 91 09.08.2018



×
Портал харитаси
Диққат! Портал тест ҳолатида ишламоқда!
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг