Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси матбуот анжумани ўтказди

Анжуманда “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш давомида қатор муаммолар аниқланди. Бу 20 йил аввал қабул қилинган мазкур қонун ҳужжати замон талабларига жавоб бермайди деган хулосага келиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Фан, таълим, ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунларига ва келгусидаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжмунида таъкидланганидек, ёшларга ўз қобилиятларини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, баркамол авлодни камол топтириш, сифатли таълим олиш имкониятларини кенгайтириш бўйича ишларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг устувор вазифаларидан биридир. Жорий йилнинг ўтган даврида мазкур вазифаларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратилди.

Айнан шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг негизида алоҳида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантиришга, таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари ижроси устидан тизимли парламент назоратини амалга ошириш Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Тадбир давомида қайд этилганидек, ялпи мажлисларга тайёргарлик доирасида Қўмита томонидан “Давлат мукофотлари тўғрисида”ги (янги таҳрири), “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Ҳисобот даврида Қўмита томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг Сирдарё вилоятидаги ижроси ўрганилди. Ўрганиш якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди. Бу ўрта мактабларда таълим жараёнини ташкил этиш сифатини яхшилаш, ахборот-коммуникация технологияларидан интенсив фойдаланиш, ижтимоий-маънавий муҳитни, моддий-техник таъминотни мустаҳкамлаш, кадрлар қўнимсизлигининг олдини олиш бўйича тадбирлар ўтказиш учун асос бўлиб хизмат қилди.

“Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни давлат назорат органлари томонидан ижро этилишини ўрганиш давомида қатор муаммолар аниқланди. Бу 20 йил аввал қабул қилинган мазкур қонун ҳужжати замон талабларига жавоб бермайди деган хулосага келиш учун асос бўлиб хизмат қилди. Мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этиш зарурлиги қайд этилди.

Қўмита тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, тиббиёт ходимлари зиммасига меъёрдан ортиқ вазифалар юкланиши, тиббиёт муассасаларида иш ўринлари қисқартирилиши, ходимларнинг ўз фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган турли мавсумий ишларга жалб қилиниши билан боғлиқ масалалар муҳокама этилган тадбирда “Тиббиёт ходимларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги ҳақида таклиф тайёрланди ва Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Қўмита томонидан турли долзарб масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Қўмита раҳбарлигида Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилди. Республика ишчи гуруҳи томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида 10 мингдан ортиқ учрашув, давра суҳбати ва ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Муҳокамаларда 120 мингдан зиёд мутахассис, эксперт, жамоатчилик ва ОАВ вакили иштирок этди. Бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Ҳисобот даврида Сенатга фуқароларнинг 4 675 та мурожаати келиб тушди. Уларнинг 20 фоизи (953 таси) бевосита Қўмита томонидан кўриб чиқилди, 321 таси назоратга олинди, 46 фоизи (148 таси) эса ижобий ҳал этилди.

Амалий мулоқот руҳида ўтган матбуот анжуманида Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзолари журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берди.



Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3856 03.08.2018



×
Портал харитаси