Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг матбуот анжумани

Жорий йилнинг 7 август куни Миллий матбуот-марказида Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг 2018 йил биринчи ярим йиллигидаги фаолиятига ва келгусидаги устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

 

Ҳисобот даврида Қўмитанинг асосий эътибори халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг ижроси устидан тизимли парламент назоратини олиб боришга, шунингдек халқаро муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилгани таъкидланди.

Қўмита томонидан Сенат кўриб чиқиши учун халқаро шартномаларни ратификация қилиш билан боғлиқ та қонун киритилди. “Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида ўзбек-тожик Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги Шартномани (Душанбе, 2018 йил 9 март) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги шартномани (Самарқанд, 2017 йил 10 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги, “Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномани (Тошкент, 2017 йил 5 декабрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунлар шулар жумласидандир.

Назорат-таҳлил ишларига, шунингдек режадаги тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ижро этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қўмита томонидан  Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифаларни бажариш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахбороти эшитилди.  

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятининг мониторинги доимий асосда олиб борилмоқда. Хусусан, туризм соҳасини янада ривожлантириш, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини дунёга кенг тарғиб қилиш, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратишга, шунингдек мамлакатимизнинг туристларни жалб этиш имкониятини кескин оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан хулосалар ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини такомиллаштириш бўйича ахборот-таҳлилий материаллар Қўмита томонидан мунтазам равишда тайёрланиб, тегишли давлат органларига юборилмоқда. Жорий йил апрель ойида “Иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва мамлакат ҳудудларининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди. Конференцияда Ўзбекистон Республикаси ҳудудлари кесимида тадбиркорлик фаолиятини юритиш шароитлари тўғрисида маҳаллий ҳокимият органлари, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари, шунингдек бизнес вакиллари ўртасида ўтказилган сўров натижалари муҳокама этилди.

Бундан ташқари, Сенат томонидан Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Австриянинг “Raiffeisen International Bank AG” банки ҳамда “Credit Suisse Group AG” молиявий конгломерати каби молия институтлари вакиллари билан бўлиб ўтган бир неча учрашувлар натижасида инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишга, энг аввало, мамлакатимизда инвестициявий фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.

Қўмита томонидан Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳалардаги ҳамкорлигини кенгайтириш, вазирлик ва идораларнинг хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ҳуқуқий асослар яратиш, шу жумладан амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича хулоса ва таклифлар тайёрланади.

Ўтган ярим йилда Қўмита “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзусида Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури иштирокида ўтказилган йирик халқаро конференция ташкилотчиси бўлди. Тадбирда терроризмга даъват этувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш, миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликни таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида Қўмита томонидан дипломатик корпус, хорижий иқтисодий ташкилотлар вакиллари учун брифинглар, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди, шунингдек хорижий инвестицияларни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари бўйича вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида учрашув ва йиғилишлар ўтказилди.

Қўмита мажлисларида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакиллари лавозимига тайинлаш билан боғлиқ 23 та масала кўриб чиқилди.

Сенатнинг Марказий Осиё давлатлари, Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия, АҚШ, Япония, Корея Республикаси парламентлари аъзолари билан алоқалари самарали ривожланмоқда. Қўмита Грузия, Туркия парламент делегацияларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифларини, шунингдек Олий Мажлис Сенати Раиси бошчилигидаги делегациянинг Беларусь Республикасига ташрифини ташкил этди. Ўтган давр мобайнида Сенатнинг халқаро фаолиятини ривожлантириш соҳасида хорижий ҳамкорлар билан 50 дан ортиқ учрашув ўтказилди. Корея Республикаси, Грузия, Беларусь Республикаси каби давлатларнинг парламентлари билан парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди. 

Жорий йилда Туркия Буюк Миллат Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича Олий Мажлис парламентлараро гуруҳининг ва Туркия Республикаси парламенти “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Олий Мажлис Сенатининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси – Япония Парламенти” парламентлараро гуруҳининг таркиби янгиланди. Бундан ташқари, айни вақтда Олий Мажлисда Беларусь Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Польша Республикаси ҳамда АҚШ парламентлари билан ҳамкорлик қилиш бўйича парламентлараро гуруҳларни шакллантириш ва уларнинг таркибини янгилаш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Матбуот анжуманида келгусида амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Қўмита аъзолари оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган барча саволларга жавоб бердилар.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 4563 07.08.2018



×
Портал харитаси