Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси жамоатчиликни ўз фаолиятидан хабардор қилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳасига доир ҳужжатлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат дастурлари ижроси устидан тизимли парламент назоратини олиб боради. Бундан ташқари, қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолат ва айбсизлик презумпцияси каби конституциявий принципларга риоя қилишга кўмаклашиш ҳам Қўмита вазифаларига киради.

 

Шундан келиб чиқиб, Қўмита аъзолари ўз ишида мазкур соҳада Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришни ва ўзининг асосий вазифаларини ижро этишда фаоллик кўрсатишни мақсад қилган. Қўмита томонидан мамлакатимиз ва хорижий журналистлар учун ташкил этилган ҳамда Қўмитанинг жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунларига ва устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжуманида ана шу ҳақда сўз борди.

Таъкидланганидек, 2018 йил март ва июнь ойларида Сенатнинг иккита ялпи мажлиси ўтказилди. Уларга тайёргарлик жараёнида Қўмита томонидан қатор масалалар ўрганилди, ишлаб чиқилди ва Сенат кўриб чиқиши учун тақдим этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Қўмита томонидан “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, “Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни март ойида ўтказилган ялпи мажлис муҳокамасига киритилди.

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисини ўтказиш доирасида Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2017 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи дастлабки тарзда эшитилди. “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқиш учун тайёрланди.

Шу билан бирга, Қўмита томонидан халқ билан мулоқотни қўллаб-қувватлашга, сайловчилар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, ўтган давр мобайнида сайловчилар билан 384 та учрашув ўтказилди, 638 нафар фуқаро қабул қилинди ва фуқароларнинг 5342 та ёзма мурожаати кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг кўпчилиги назоратга олинди, бу эса кўтарилган масалаларнинг самарали ҳал этилишини таъминлади.  

Масалан, фуқаро Турдиқул Усмонқулов Қўмитага мурожаат қилиб, қизи Г.Усмонқуловага нисбатан чиқарилган суд қарорларидан норозилигини билдирди ва қизи қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этмаганини, балки ўз номусини ва қадр-қимматини сақлаш учун ўзини ҳимоя қилишга мажбур бўлганини таъкидлади. Шу муносабат билан Қўмита Ўзбекистон Республикаси Олий судига ушбу жисмоний шахснинг мурожаатида келтирилган ҳар бир далилни ўрганиб чиқиш ва мурожаат муаллифига ёзма жавоб бериш ҳамда Сенатнинг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасига батафсил ахборот тақдим этиш илтимоси билан мурожаат қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Сенатга жавоб хати юборилди. Унга кўра, Олий суд раиси ўринбосарининг протести асосида Г.Усмонқуловага нисбатан жиноят иши Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди, суд қарорлари бекор қилинди, Г.Усмонқуловага тайинланган 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати ўзгартирилиб, 6 йилгача қисқартирилди.

Шундай қилиб, Қўмита аъзолари ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларни виждонан бажарган ҳолда фуқароларнинг, сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, жамиятни янада демократлаштириш ва ислоҳ қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, мамлакатимиз аҳолиси турмуш даражасини янада оширишни назарда тутадиган давлат дастурларини амалга оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Қўмита аъзолари матбуот анжумани иштирокчиларининг барча саволларига жавоб бердилар.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 4038 02.08.2018



×
Портал харитаси