Ўзбекистон делегацияси Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Диний эътиқод эркинлигига кўмаклашиш бўйича вазирлар конференциясида иштирок этди

​​​​​​​2018 йилнинг 24-26 июль кунлари АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси делегацияси Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Диний эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича вазирлар конференциясида иштирок этди.

Делегация таркибидан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши Котибининг ўринбосари Бобур Усманов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ раҳбари Акмал Саидов, Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашев ўрин олган.

Конференция ишида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар бошлиқлари, диний етакчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари даражасидаги дунёнинг 80 дан ортиқ давлатининг 600га яқин вакиллари иштирок этди.

АҚШ Давлат котиби форумни очар экан Д.Трамп маъмурияти ташқи сиёсат юритишда диний эркинликларнинг таъминланиши масалаларига алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

«Диний эркинлик ривожланса, мамлакат ривожланади, - дея таъкидлади Давлат котиби. – Бунга мисол Ўзбекистондир. Биз Ўзбекистоннинг янада эркин жамият қуриш йўлидаги қадамларини олқишлаймиз. Ишончимиз комилки, диний эркинлик тўғрисидаги қарор мамлакат, жамоатчилик ҳамда бутун минтақага жуда катта узвий ижобий таъсир кўрсатади».

Ўзбекистон делегацияси раҳбари Вазир Абдулазиз Камилов нутқида Президент Шавкат Мирзоёевнинг маърифий ислом ғояларини ёйиш бўйича билдирган ташаббуслари батафсил баён этилган. Ўзбекистон бу масалада чуқур ўтмишга эгалиги таъкидланди. Мамлакатимиз раҳбарининг Имом ал-Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом сивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Ислом академиясини яратиш бўйича қарорларига алоҳида урғу берилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Президентининг мазкур қарори Президент Дональд Трампнинг Ар-Риёд шаҳрида Экстремистик мафкура билан курашиш глобал марказини таъсис этиш бўйича ташаббуси билан уйғундир. Радикализм хавфини бартараф этиш учун ёшлар билан ишлаш муҳимлиги алоҳида қайд этилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Президентининг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳақидаги ташаббуси тўғрисида маълум қилинди.

«Шуни қайд этишдан мамнунманки, баъзи мамлакатларда диний эркинлик масалаларига алоҳида аҳамият берилмоқда ва Ўзбекистоннинг мазкур соҳада эришган кескин илгари силжигани тўғрисида биз бугун эшитдик. Сиз намойиш этаётган очиқлик ва бу каби нозик масалаларга ечим топишдаги қатъият учун сиздан миннатдорман», - дея таъкидлади конференция ниҳоясида АҚШнинг диний эркинлик соҳасида махсус топшириқлар бўйича элчиси Сэмюэль Браунбек.

Форум якунларига кўра Вазирлар конференциясининг Декларацияси қабул қилинди. Унда иштирокчи давлатларнинг диний эътиқод эркинликларини янада илгари суришга содиқликлари ўз тасдиғини топган.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги

| 329 27.07.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг