Бино ва иншоотларни қуришда жамоатчилик фикрига таянилади

Депутатлар муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасининг долзарблигини таъкидлаб, унинг шаҳарсозлик фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилишини қайд этдилар. Тақдим этилган қонун лойиҳасида жамоатчилик муҳокамасини ташкил этишнинг тартиби, мазкур соҳадаги жамоатчилик экспертизаси институтининг тартибга солиниши ва жамоатчилик экспертизаси натижаларининг қайд этилиши, муқобил лойиҳа институти киритилиши, шаҳарсозлик фаолияти бўйича расмий ахборот берилиши тартиби ҳамда шаҳарсозлик, лойиҳалаш ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қарорларни қабул қилиш тартибини аниқлаш масалалари ўз аксини топган.

 

Бино ва иншоотларни қуришда  жамоатчилик фикрига таянилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан тайёрланган “Шаҳарсозлик кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи иштирокида муҳокама ташкил этди. Таъкидлаш жоиз, ушбу ҳужжат фракциялараро қизғин баҳс-мунозарани келтириб чиқарди.

Мазкур қонун лойиҳаси шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ечимларнинг муҳокамаси ва қабул қилинишида жамоатчиликнинг иштироки қонун даражасида таъминланишига қаратилган.

Амалдаги Шаҳарсозлик кодексининг 10-моддасида фуқароларнинг шаҳарсозлик фаолиятига оид ҳужжатларнинг тайёрланишида иштирок этиш ҳуқуқи акс эттирилган. Аммо Шаҳарсозлик кодекси ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида фуқароларнинг шаҳарсозлик фаолиятида иштирок этиши борасида аниқ механизм мавжуд эмас. Шу боис ҳам фуқаролар бу борадаги фикрларини умумий тартибда фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик доирасида ариза ва шикоятлар тарзида ифодалаш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ўз фикр-мулоҳазаларини билдириш билан чекланиб қолмоқда.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Бироқ, шаҳарсозлик фаолияти ўта мураккаб жараён ҳисобланиб, унда жамоатчилик назорати механизмининг тўлақонли ўрнатилиши учун қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритилишини тақозо қилади.

Депутатлар муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасининг долзарблигини таъкидлаб, унинг шаҳарсозлик фаолияти очиқлигини таъминлашга хизмат қилишини қайд этдилар. Тақдим этилган қонун лойиҳасида жамоатчилик муҳокамасини ташкил этишнинг тартиби, мазкур соҳадаги жамоатчилик экспертизаси институтининг тартибга солиниши ва жамоатчилик экспертизаси натижаларининг қайд этилиши, муқобил лойиҳа институти киритилиши, шаҳарсозлик фаолияти бўйича расмий ахборот берилиши тартиби ҳамда шаҳарсозлик, лойиҳалаш ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича қарорларни қабул қилиш тартибини аниқлаш масалалари ўз аксини топган.

Баҳс-мунозаралар давомида сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари ҳамда депутатлик гуруҳи вакиллари муҳокама этилган қонун лойиҳаси бўйича ўз нуқтаи назарини билдиришди.

Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг таъкидлашича, кейинги пайтларда мамлакатимиз туман ва шаҳарларнинг қиёфаси тобора ўзгариб бормоқда, яшаш учун қулай кўп қаватли уйлар қурилиб, минглаб ватандошлармиз шинам уй-жойларга эга бўлмоқда. Бироқ аксарият ҳолларда кўп қаватли уй-жойлар аҳолининг, кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганмасдан барпо этилмоқда. Улар шаҳарсозлик қонун-қоидаларига қай даражада мослаштирилаётгани, лойиҳалар қачон ва ким томонидан тасдиқлангани, аҳолининг фикри олинган-олинмагани жамоатчилик назоратини ўрнатишда ўта муҳим аҳамиятга эга. Ҳолбуки, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоларининг фикрича, давлат органларининг шаҳарсозлик соҳасидаги фаолиятида очиқлик ва шаффофлик таъминланмаган, натижада аҳолимиз томонидан давлат органларига нисбатан ҳақли эътирозлар билдирилмоқда. Шу боис фракция томонидан қонун лойиҳасида аҳолининг фикри олингандан кейин шаҳарсозлик ҳужжатлари тасдиқланиши шартлиги белгилаб қўйилиши мақсадга мувофиқ, деган таклиф илгари сурилди.

“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси вакиллари партиянинг дастурий мақсад-вазифаларидан бири мамлакатимиз шаҳарларининг маданий ёдгорликларини, тарихий иншоотлар ва меъморий обидаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш, шунингдек, уларнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолишда самарали чора-тадбирларни амалга ошириш, тарихий жойлар, меъморий ёдгорликларни бутун инсоният учун қимматли осори-атиқалар сифатида асраб-авайлаш ҳисобланишини таъкидладилар. Шу нуқтаи назардан, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари шаҳарсозлик нормаларига зид бўлган ҳолатларга кенг жамоатчиликнинг муносабати ва фикрларини инобатга олган ҳолда, муаммоларни бартараф этиш, тарихий обидаларга зарар етказувчи бинолар қурилишини тўхтатиш, олдини олиш ҳамда меъёрдан баланд уй-жой, биноларни қуриш каби ҳолатларга чек қўйиш лозимлигини таъкидладилар. Дарҳақиқат, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳридаги қатор тарихий обидалар яқинида кўп қаватли уйларнинг қурилиши ушбу бебаҳо иморатларга зарар етказаётгани оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг тўхтатилган эди. Фракция аъзолари шу каби ҳолатларда жойларда фаолият юритаётган давлат инспекциялари сукут сақламаслиги учун жамоатчилик назорати ниҳоятда муҳим эканига эътибор қаратди ва бунга чек қўйиш мақсадида мутасадди ташкилот ва муассасаларга таъсир чораларини кучайтириш таклифини илгари сурди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари партиянинг Сайловолди платформасида ҳам уй-жой-коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, бунинг учун зарур муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани жадал тараққий эттириш масалаларига алоҳида урғу берилганини таъкидладилар. Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатадиган транспорт тизимини, тежамкор ерусти транспорти турларини ривожлантириш, велойўлакларни қуриш ва бошқа қулайликларни яратиш муҳим вазифалар этиб белгиланган.

Фракция юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ушбу масалаларни ҳал этишда жамоатчиликнинг фаол иштирокини муҳим, деб ҳисоблайди. Шаҳарларда амалга оширилаётган лойиҳалар ва бошқа муҳим дастурлар тўғрисида ахборот олишнинг эркин ва очиқ-ошкора бўлиши фуқароларга қулайлик яратиши билан бирга, уларнинг муҳокамаларда тегишли таклиф ва тавсиялар билан фаол иштирок этишига замин яратади. Муҳокама қилинаётган “Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида фракция аъзолари томонидан билдирилган таклифларнинг инобатга олиниши, шунингдек, шаҳарсозлик фаолияти бўйича қарорларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этиш ва қабул қилинишида уларнинг иштироки масалаларига аниқлик киритилиши партия Сайловолди платформасидаги вазифалар ижросини таъминлашга хизмат қилади, деб ҳисоблайди.

“Адолат” социал-демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, мамлакатимизни ривожлантириш юзасидан тайёрланаётган стратегия ва унинг ижроси билан боғлиқ бўлган тактикани белгилаб берувчи дастурларнинг қабул қилинишида жамоатчилик муҳокамаси асосий ўрин тутиши ҳамда уларнинг амалга оширилишида жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда давлат идораларининг халқ учун очиқлик асосида ишлашига доир чора-тадбирларни амалга ошириш асосий вазифага айланмоғи керак.

Фракция аъзолари партия томонидан белгиланган устувор вазифаларга ҳамоҳанг бўлган “Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга қаратилган ғоя устувор эканини эътироф этишди. Шу нуқтаи назардан, муҳокама давомида фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳаси жамоатчилик назорати ҳамда давлат идораларининг очиқлик, шаффофлик принциплари таъминланишига хизмат қилишини қайд этишди.

Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи жамоатчилик назоратига доир нормалар миллий шаҳарсозлик қонунчилигимизда тўлақонли акс эттирилиши келгусида бино ва иншоотларимизнинг экологик, санитария талабларига мос равишда қад кўтарилишида муҳим ҳуқуқий база бўлиб хизмат қилишини таъкидладилар. Бу ўринда Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан реконструкция қилиш, ободонлаштириш, қурилиш учун ер ажратиш, аҳоли соғлиғи ва атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган хўжалик субъектларининг шаҳар ҳамда аҳоли пунктларида жойлаштирилиши бўйича жамоатчилик экологик экспертизаси ва мониторинги институти нормалари киритилиши мақсадга мувофиқдир, деган фикрни илгари сурдилар.  

Бир сўз билан айтганда, фракциялараро баҳс-мунозаралар натижасида депутатлар мазкур қонун лойиҳаси долзарб ва муҳим эканлиги, унинг қабул қилиниши шаҳарсозлик фаолиятининг очиқлигини таъминлаши ҳамда жамоатчилик манфаатлари инобатга олиниши учун хизмат қилади, деган хулосага келдилар.

| 3998 26.07.2018



×
Портал харитаси