Қарор лойиҳаси: қайси ҳолатларда маҳалладан маълумотномалар бериш бекор қилинади?

Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари ва бошқа ҳужжатларини тақдим қилиш талабини бекор қилишга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.

Жумладан, турли ҳаётий вазиятларда фуқаролардан маҳаллалар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари) томонидан бериладиган маълумотномалар талаб этилади. Амалдаги қонунчилик бундай маълумотномалар 51 ҳолатда берилишини кўзда тутади.

Бироқ, амалиётда маҳаллалар томонидан аҳолига бериладиган маълумотнома ва бошқа тасдиқловчи ҳужжатларни бериш тартиби ҳаддан зиёд бюрократлаштирилган, баъзи ҳолларда эса уларни бериш учун ноқонуний тўлов олиш ҳоллари кузатилиб, бу фуқароларнинг асосли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, ушбу органларда маълумотлар йўқлиги сабабли, ушбу маълумотномалардаги ахборотларни асосли ва тўғри, деб бўлмайди. Ўз навбатида, қонунчилик билан ўзини ўзи бошқариш органларининг фактларни ўрнатиш бўйича ваколатлари мустаҳкамлаб қўйилмаган.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, Адлия вазирлиги томонидан 31 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаларини тақдим қилиш талабини бекор қилишга қаратилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси тайёрланди ва у қуйидагилар ҳақидаги маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни тақдим қилиш талабини бекор қилишни назарда тутади:

- турар жойдан (прописка), шу жумладан биргаликда;

- ишсизлик (вақтинча ёки доимий);

- болаларни, ёлғиз шахслар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларни парвариш қилиш бўйича вақт;

- шахс ҳақида тавсифнома.

Шунингдек, лойиҳа билан тегишли хизматларни кўрсатиш учун зарур бўлган тасдиқловчи маълумотни тегишли маълумотлар базасини (реестрлар, рўйхатга олиш китоблари, архивлар ва ҳ.к.) юритишга ваколатли давлат органларидан сўраш кераклиги белгилаб берилади.

Лойиҳанинг қабул қилиниши аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратилишини, давлат хизматларининг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлайди.

Ўз навбатида, маҳаллаларнинг оиланинг моддий аҳволи, аъзолари (қариндошлик даражаси) ва бошқа ҳужжатлар (кафолат ва кафиллик хатлари, ёзма тавсиялар ва илтимосномалар) бериш ҳуқуқи сақланиб қолади. Бунда ушбу ҳаракатлар халққа энг яқин тузилма ҳисобланган ўзини ўзи бошқариш органлари вазифаларига тўлиқ мос келиши ҳисобга олинди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш

ва марказлашган маълумотлар базаси (архивлар, реестрлар ва ҳ.к)ни ташкил қилиш натижасида бундан кейин маҳаллалардан маълумотнома олишга бўлган эҳтиёж қисқариб бораверади.

| 3969 16.07.2018



×
Портал харитаси