Ўзбекистонда келгуси йиллар учун бюджет аҳоли иштирокида ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда аҳолининг бюджетни ишлаб чиқишдаги иштироки халқ депутатлари, шунингдек, “Mening fikrim” портали, Президент халқ қабулхоналари кўмагида амалга оширилади. Ҳукумат эса лойиҳа муҳокамаси чоғида жамоатчилик билан маслаҳатлашувларни фаоллаштиради, деган умиддамиз”, - деди Хелена Фрейзер ўз интервьюсида.

 

 

Молия вазирлиги 2018 йилга фуқаролар учун бюджет ишлаб чиқди. Келгуси йилги бюджет эса аҳоли иштирокида тузилади. Бу ҳақида бугун пойтахтимизда вазирлик томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида тўхталиб ўтилди. Унда “Фуқаролар учун бюджет” нашрининг тақдимоти ҳам ташкил этилди. Мазкур тўплам юз саҳифадан иборат бўлиб, унда жорий йилги бюджет, уни шакллантириш ва харажатлар ҳақидаги маълумотлар оддий, халқчил тилда тушунтириб берилган. Унинг электрон кўриниши яқин кунлар ичида вазирлик расмий сайтига жойлаштирилади.

Ушбу ҳужжат муҳокамасида тегишли вазирлик ва идоралар билан бир қаторда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қўшма қироллиги элчихонаси, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган бошқа дипломатик ваколатхоналар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

“Машҳур британ сиёсатчиларидан бири давлатнинг ўз маблағлари йўқ, ҳукуматда бори – бу солиқ тўловчиларнинг пулларидир деган эди. Ўзбекистонда аҳолининг бюджетни ишлаб чиқишдаги иштироки халқ депутатлари, шунингдек, “Mening fikrim” портали, Президент халқ қабулхоналари кўмагида амалга оширилади. Ҳукумат эса лойиҳа муҳокамаси чоғида жамоатчилик билан маслаҳатлашувларни фаоллаштиради, деган умиддамиз”, - деди Хелена Фрейзер ўз интервьюсида.

“Фуқаролар учун бюджет фуқароларнинг олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан ишончи ошишини таъминлаши лозим”, - деди Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Исмонжон Мамажонов.

Зеро, шу асосда одамлар нима учун солиқ тўлаётгани, бунинг эвазига давлат қандай хизматлар тақдим этаётгани, қолаверса, ҳукумат қандай мажбурият ва кафолатларни ўз зиммасига олаётгани ҳамда улар қай даражада бажарилаётгани ҳақида билади.

Ҳукумат нима учун бюджетни ошкор этиши керак? Мамажоновнинг сўзларига кўра, бу халқ билан мулоқотни таъминлайди, мамлакат раҳбариятига бўлган ишончни оширади, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиб беради, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширади.

“Биз фуқаролар учун бюджетни илк бор нашр этар эканмиз, аввало, оддий саволларга тушунча бериб ўтдик. Масалан, давлат бюджети нима, бюджет сиёсати ўз ичига нималарни олади, бюджет жараёнлари нималардан ташкил топади каби саволларга жавоб бердик. Кўпчилик бюджет тузиш жараёнига 2,5-3 йил вақт кетишини билмайди. Нашр тилини иложи борича содда қилишга интилдик, атамаларни минимум даражада қўлладик, кўплаб тушунарли ва ёрқин инфографикалардан фойдаландик”, - деди вазирлик вакили.

Қайд этилганидек, молия вазирлиги фуқаролар учун бюджет ишлаб чиқишнинг кейинги босқичида харажатлар натижадорлиги мезонлари билан таништириб ўтади. Одамлар бюджет харажатлари қай даражада самарали ишлатилаётганини баҳолашади.

Вазирлик, шунингдек, мазкур ҳужжатнинг мактаб ўқувчилари учун соддалаштирилган вариантини ишлаб чиқишни режалаштиряпти. И.Мамажоновнинг айтишича, болалар эрта ёшданоқ пулни қандай сарфлаш кераклигини ўрганиши керак.

Айни чоғда фуқаролар бюджетни режалаштириш, бюджет харажатлари йўналишларини аниқлашда иштирок этишлари мумкин. Бу жараёнларда улар ўз муаммоларини айтишади, ҳудудий ва давлат бюджетларини шакллантиришда инобатга олинадиган аниқ лойиҳаларни таклиф этишади.

Бинобарин, вазирлик аҳоли билан ОАВ, ННТ, фуқаролик жамияти институтлари, ҳукумат сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали ўзаро алоқа қилади.

Ҳозирча фуқаролар учун 2018 йилги бюджет тақдим этилди. Айни пайтда мазкур ҳужжатни такомиллаштириш бўйича аҳоли ва экспертлардан таклифлар қабул қилинмоқда. Улар асосида яқин ойлар ичида 2019-2021 йилларга бюджетнинг соддалаштирилган шакли, 2019 йилги асосий бюджетнинг таркибий қисмлари ва 2020-2021 йиллар учун мақсадли йўналишлар ишлаб чиқилади.

Фуқаролар учун бундай халқчил усулдаги тушунтириш ишларида қатор ҳужжатлар қамраб олинади. Бюджет лойиҳаси, шу бўйича тасдиқланган ҳужжатлар, бюджет ижроси, ҳудудий бюджетлар шулар жумласидандир.

Демак, Молия вазирлиги нафақат харажатларнинг асосий жиҳатлари, балки ҳар бир йўналиш бўйича муфассал маълумот тақдим этади. Масалан, таълим соҳасини оладиган бўлсак, мактабларни таъмирлашга, ўқитувчилар маошига, дарсликлар олишга ва бошқа нарсаларга қанча маблағ кетаётгани аниқ кўрсатиб ўтилади.

| 3946 14.07.2018



×
Портал харитаси