Олмазорнинг ҳар бир маҳалласида тадбиркорлик ривожланади

Бугун мамлакатимизни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун имкониятларни янада кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратиш, ҳудудлар инфратузилмасини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, пировардида оддий одамлар турмуш фаровонлигини яхшилаш кун тартибидаги кечиктириб бўлмас вазифага айланди.

Бу жорий йил 29 июнь куни Президентимизнинг Тошкент шаҳри Олмазор туманига ташрифи давомида яна бир бор намоён бўлди. Боиси, давлатимиз раҳбари туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш   борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишар экан, бу ерда мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ишламаётган объектлар фаолиятини қайта тиклаш, янги корхоналар ташкил этиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш ҳисобидан одамларга даромад манбаи яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари томонидан яна бир янги ташаббус илгари сурилди: Олмазор туманида тажриба тариқасида “Маҳалла    тадбиркорлик маркази”ни ташкил этиш таклифи билдирилди.

Дарҳақиқат, йирик ҳудудни – 58 маҳаллани қамраб олган бу туманда тадбиркорлик ривожи учун қулай имконият мавжуд.

Президентимизнинг мазкур топшириқларини тўла-тўкис бажариш мақсадида Парламент қуйи палатаси Спикерининг ўринбосари раислигида Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди идора раҳбарлари, тумандан сайланган Тошкент шаҳар ва Олмазор туман Кенгаши депутатлари ҳамда тумандаги 58 та маҳалла оқсоқоллари иштирокида ишчи йиғилиши ўтказилди. Унда парламент, депутат ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, хусусан, бўш турган объектларни аниқлаш, рўйхатга олиш ва ишга тушириш бўйича масалаларни чуқур ўрганиш учун Олмазор туманининг барча маҳаллаларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари бириктирилди.

Шу куниёқ маҳалла оқсоқоллари билан биргаликда бўш турган объектлар рўйхатини шакллантириш ҳамда уларни ишга тушириш бўйича ҳудудларда амалий ҳаракатлар бошлаб юборилди.

— Олмазор туманидаги 1-секторга қарашли “Олимпия” маҳалласи ҳудудидаги бўш турган, қурилиши тугалланмаган ёки ҳужжатлаштирилмаган бинолар ҳамда фаолияти тўхтаб қолган корхоналар Олий Мажлис ҳамда туман Кенгаши депутатлари, МФЙ раиси иштирокида жойига бориб ўрганиб чиқилди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутути Абдуғани Умиров. — Мазкур ҳудудда 9 та объект ва ер майдонлари бўш тургани аниқланди. Масалан, туман ҳудудида жойлашган “Тelegum gold service» МЧЖга қарашли бино полиэтилен маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжаллаб қурилишни бошлаб қўйган. Бироқ ҳужжатлаштирилмаган, ҳеч қаерда рўйхатдан ўтказилмаган бу иншоот 2012 йилдан буён бўш ётибди, ишга тушишдан дарак йўқ. Энди тасаввур қилинг: бир эмас бир неча шу каби каби ерлар ўз вақтида ишнинг кўзини билган бирор тадбиркорга берилганида эди, бекор ўтган 5 йил ичида қанча иқтисодий фойда келтирган бўларди.

Яна бир ачинарли ҳолат: “Мухбир” кўчасида жойлашган умумий овқатланиш шохобчасининг қаровсиз ётган икки қаватли биносидан уч-тўрт йилдан буён ҳеч ким фойдаланмайди. Бу объект ҳам ўтган вақт мобайнида рисоладагидек ишлаганида қанчадан-қанча фуқаро иш билан таъминланиб, рўзғорини тебратган, тадбиркорга ҳам, туман ғазнасига ҳам фойда келтирган бўларди.

Умуман олганда, депутатлар жойларда фақатгина муаммоларни ўрганиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда ечимига ҳам эътибор қаратмоқда. Тадбиркорларни қийнаётган масалалар билан қизиқмоқда. Хусусан, бўш турган объектлардан ижтимоий фойдали мақсадлар йўлида фойдаланилиши учун кредит олишда, уларнинг кадастр ва бошқа ҳужжатларини тезлаштиришда, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этишда, фаолиятини кенгайтиришда, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашда олмазорликларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатмоқда.

Боиси, бугунги кун талаби одамларнинг фаровонлигини таъминлаш учун ҳар қарич ердан унумли фойдаланишни, тадбиркорлик қилиб, рўзғорини ҳам, давлатни ҳам бой қиламан деган одамга шароит яратиб беришни тақозо этмоқда. Бўш, қаровсиз ётган битта объект ғайрат-шижоатли тадбиркорга берилса, у ҳудуд обод гўшага айланади. Одамлар иш билан таъминланади. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий бюджетга қўшимча даромад келтириши табиий. Айни пайтда Президентимизнинг кўрсатмалари асосида жойлардаги маҳаллий бюджет маблағлари ўша ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ўз ҳисобида қолдирилаётгани янгидан-янги лойиҳаларни амалга оширишда, пировардида, аҳолининг фаровонлигини таъминлашда, иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг ташрифи давомида мазкур туман кўпгина жабҳаларда ривожланишдан орқада қолаётгани, хусусан, саноат ишлаб чиқариш бўйича Тошкент шаҳри туманлари орасида ўртача кўрсаткичдан ҳам 2 баробар, хизмат кўрсатиш кўлами эса 3 баробар кам экани танқид қилинган эди.

Депутатлар томонидан ўрганишлар жараёнида ана шу камчиликларни бартараф этиш, Олмазорни Президентимиз томонидан қўйилган талаблар асосида намунавий туманга айлантириш учун барча имконият ва салоҳиятни ишга солишда давлат ва жамоат ташкилотларига, тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмаклашмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар яқин-орада ўзининг ижобий натижасини бериши шубҳасиздир.

— Агар эътибор берган бўлсангиз, Президентимиз такрор ва такрор бир фикрни айтмоқдалар, яъни биз учун энг катта баҳо – халқимизнинг ишончини қозониш, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Саъдуллаев. — Биз депутатлар бир неча кундан бери туман маҳаллаларида айланиб юрибмиз. Баҳоли қудрат қатор муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бердик. Энг муҳими: аҳоли биз билан самимий дардлаша бошлади. Ташивишлари, муаммоларини очиқ ойдин баён этаяпти. Биз уларга кўмакдош бўлиб, масалалар жойида ечилишига ёрдам беряпмиз. Биринчи кунлар бизга бироз бегоналардек боқаётган аҳоли эндиликда “ўзиники” қилиб олди. Мана бу – жуда қувончли ва ёқимли манзара. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, халқимиз ишончини овлаш ҳар бир депутат фаолиятининг асосий мезони бўлмоғи лозим.

http://parliament.gov.uz/uz/meeting/constituency/24046/

| 3820 10.07.2018



×
Портал харитаси